Ўзбек ҳужумчиси мағлубиятдан хулоса чиқарди
2026 йилги жаҳон чемпионатининг биринчи турида Колумбияга қарши ўйиндан сўнг Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумчиси Игорь Сергеев учрашув ҳақида ўз фикрларини билдирди.
Ўйин 1:3 ҳисобида Колумбия фойдасига якунланди. Сергеев майдонга асосий вақтнинг охирида, 90-дақиқада Элдор Шомуродов ўрнига захирадан майдонга туширилди.
— Албатта, жуда аламли. Колумбия кучли жамоа, лекин бугун камида дурангни сақлаб қолиш имконияти бор эди. Ноқулай голларни ўз хатоларимиз ҳисобига ўтказиб юбордик, балки тажриба етмагандир, билмайман. Лекин умуман олганда, муносиб қаршилик кўрсатдик. Биринчи ўйин омадсиз чиқди, шундай дейиш мумкин. Олдинга қараб ҳаракат қиламиз, ишлашда давом этамиз, — деди Сергеев.
Биринчи турдан сўнг Ўзбекистон терма жамоаси гуруҳ жадвалида очко тўплай олмаган ҳолда тўртинчи ўринни эгаллаб турибди. Колумбия ҳисобида — уч очко, Португалия ва ДР Конго жамоаларида эса биттадан очко мавжуд.
ЖЧ-2026нинг гуруҳ босқичида Ўзбекистон яна икки учрашув ўтказади. 23 июнь куни Фабио Каннаваро шогирдлари Португалияга қарши майдонга тушади, 28 июнь куни эса Конго терма жамоасига қарши баҳс олиб боради.

Фикрлар