Ўзбекистонлик теннисчи ўйин пайтида ўғрилик қурбони бўлди

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган теннисчи Мария Тимофеева (WTA рейтингида 68-рақам) China Open-2026 мусобақасида нохуш ҳолатга дуч келди. Пекинда ўтаётган нуфузли турнир пайтида спортчининг соати ўғирланди. 

Тимофееванинг сўзларига кўра, у соатини мусобақа мезбонлари ихтиёридаги кийиниш хоналарида қолдирган. Кейинчалик аксессуар йўқолгани маълум бўлган.

«Бу йил режаларим орасида WTA 1000 тоифасидаги турнирда кийиниш хоналарида соатим ўғриланиши мутлақо йўқ эди. Лекин ҳозирги пайтга келиб, турли ўғриликлар қурбонига айланиш мен учун гўё ярим ставкадаги “хобби”га айланиб қолгандек.

Яна бир сабоқ олдим: душ қабул қилаётганда ҳатто 10 дақиқага бўлса ҳам теннис сумкангизни шкафдан ташқарида қолдирманг», — дея ёзади спортчи ўзининг инстаграм саҳифасидаги сторисида.

У, шунингдек, мусобақадаги мағлубиятдан кейин кунни айнан шундай якунлашни кутмаганини таъкидлади: «@chinaopen — кечаги кунни уч сетлик мағлубиятдан сўнг айнан шундай якунлашни истамагандим».

Эслатиб ўтамиз, 2 октябрь куни турнирнинг иккинчи босқичида Тимофеева япониялик Наоми Осакага (WTA рейтингида 17-рақам) уч сетда мағлуб бўлди — 6:3, 3:6, 6:3. Учрашув икки соат тўрт дақиқа давом этди. Мусобақанинг дастлабки босқичида эса Мария чехиялик Дарья Видмановани (WTA рейтингида 88-рақам) 6:3, 6:3 ҳисобида мағлуб этган эди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!