"Очиғи, эслашни ҳам, гапиришни ҳам хоҳламайман" - "Сурхон" сардори клубдан нима учун кетганини биласизми?

Жорий мавсумни 11-ўринда тамомлаган Термизнинг “Сурхон” клубини жамоа сардори ҳамда етакчиси Бобур Акбаров тарк этди. Sports.uz орқали бу борада хабар берганимиз ёдингизда бўлса керак.

Акбаров “Сурхон”га йил бошида қўшилган ва ўтган вақт мобайнида 23 та учрашувда майдонга тушиб 1 бор гол урган.

Янги мавсумни бошқа клубда давом эттирадиган футболчи Sports.uz сайтига “Сурхон”даги фаолияти ва у ердан кетишининг сабаблари хусусида қалбидаги гапларни айтди.

- Бобуржон, “Сурхон” клубини тарк этганингиз маълум бўлди. Барчасини режалаштирганмисиз ёки клуб билан шартномани узайтириш масаласида келиша олмадингизми?

- “Сурхон” клубини тарк этишимга асосий сабаб, амалда бошқа, гапда бошқа ҳолатлар юз бергани боис у ердан кетишга қарор қилдим. Қайсидир маънода гапимиз бир жойдан чиқмади, келиша олмадик. “Сурхон”да ишлайдиган айрим инсонлар сабаб бўлди. Баъзи-бир ноҳақликлар туфайли кетдим.

- Энди янги клубингиз ҳам аниқми?

- Ҳозирча бир нарса дея олмайман. Вариантларим бор, кўриб чиқяпман. Аниқроғи, четдан таклиф кутяпман. Ўхшаб қолса кетаман, бўлмаса ўзимизда қоламан. Ҳаммаси Худодан, насиб қилгани бўлади. Мабодо, чет эл клуби билан бир тўхтамга келсак, фаолиятимни хорижда давом эттираман.

- Сизни Бахтиёр Ашурматов бошқарувидаги “Турон” клубида кўришимиз ҳам мумкинми?

- Ҳали бу ҳақида ҳеч ким билан гаплашмадим. Агар ризқим қўшилган бўлса, билмадим. Ўтган йили ҳам таклиф қилишган ва ҳатто клубга бориб машғулотларда ҳам қатнашганман. “Турон” клубига ҳурматим баланд.

акбаров2

- Юқорида хориждан таклиф кутаётганингизни айтдингиз. Айнан қаердан?

- Сир бўлиб турсин.

- Суперлига клублари ҳам хизматингизга қизиқиш билдиришяптими? Бу борада музокаралар қандай кечмоқда?

- Албатта, бир нечта клублардан таклифлар бор. Лекин ҳеч қайсиниси билан бир тўхтамга келмадик. Сабаби, юқорида айтганимдек, четдаги таклифлардан бири билан келишиб қолсам, ўртада ҳижолатчилик бўлиб қолиши мумкин.

- “Сурхон”даги бир йиллик фаолиятингизда сиз учун энг эсда қоладигани нима бўлди?

- Жуда кўп нарсани мисол қилишим мумкин. Афсуски, энг эсда қоладигани ачинарли ҳолат билан бир умр ёдимда қоладиган бўлди. Сабаби, бир қанча ўйинда жароҳатим борлигида ва бетоб бўлиб ётган ҳолларимда ҳам ҳатто машғулот қила олмасдан ўйин кунлари укол ёрдамида ҳаётимни хавфга қўйиб жамоа учун майдонга чиқиб, жон бериб меҳнат қилганларимга кўз юмишгани бўлди. Ишонасизми, ҳозир ҳам ўзимдан ранжиб юрибман. Шунчалик ҳам ахмоқ бўламанми, деб. 

- Демак, клуб сизни олиб қолиш учун ҳаракат қилмадими?

- Йил бўйи клуб кейинги йил эмас, бир неча йил “Сурхон”да қолишимни хоҳлашди. Аммо кимларнидир мустақил фикри йўқлиги учун бировнинг аниқ факти бўлмаган гумони учун шу даражага келдик. Очиғи, буларни эслашни ҳам, гапиришни ҳам хоҳламайман.

акбаров_1

- Демак, сиздан нимадандир гумон қилишдими?

- Шунақа. Масалан, мураббий раҳбариятни олдига бориб футболчиларни ёнини олиб гапирса, дарров Бобур бир нарса деган бунга, қабилида гаплар ҳам бўлди. Кўпчиликка сир эмас, мураббий билан кўп нарсада маслаҳат қилардик. Лекин ўйин тактикаси ёки таркиб қўйиш масалаларидан ташқари, албатта. Улар чет элдан келгани сабаб ўзбек футболи ҳақида кўп маълумотга эга бўлмагани, менталитетимизни тушунмагани боис яқиндан ёрдам бериб, маслаҳатлашардик.

- Клуб сиз билан тўлиқ ҳисоб-китоб қилдими?

- Ҳозирча ҳеч ким билан тўлиқ ҳисоб-китоб қилгани йўқ.

- Қанча миқдорда қарздорлиги бор?

- Кўп эмас, 2 та ойлик ва 4 та мукофот пули.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!