"ОЧЛда финалгача бормоқчимиз, ҳеч кимдан кам жойимиз йўқ" - "Навбаҳор" билан шартномасини узайтирган футболчининг мақсади катта
Сайтимиз орқали хабар бериб ўтганимиздек, иқтидорли ярим ҳимоячи Дониёр Абдуманнопов “Навбаҳор” клуби билан шартномасини узайтирди.
Шундай қилиб, у “Мавсум-2023”да ҳам наманганликлар шарафини ҳимоя қилади. Sports.uz журналисти Дониёрнинг шартномасини узайтирилганидан кейин ўзи билан суҳбатлашди.
- Чемпионат тугагач, сизни ҳам жамоангизни ўзгартиришингиз мумкинлиги хусусида эшитгандим. Бошқа клублардан таклифлар ҳам бор эди. Аммо “Навбаҳор” билан шартномани яна узайтирибсиз. Музокаралар узоқ давом этдими?
- Тўғри, таклифлар йўқ эмасди. Кўп клублар алоқага чиқди. Ўзимизга қулайини ва келажак учун фойдали вариантни танладим. “Навбаҳор” билан яна бир йиллик шартнома имзоладим.
- Шунингдек, легионер сифатида четга кетиш имкониятингиз ҳам бормиди?
- Четдан ҳам вариантлар бўлди. Бир йил захирадан майдонга тушиб ўйнадим, барқарор тўп сурмадим. Худо хоҳласа, жамоамда барқарор ўйнаганимдан кейин четга ҳаракат қиламан.
- “Навбаҳор” билан кумуш медални қўлга киритдингиз. Осиё Чемпионлар лигаси йўлланмаси ҳам қўлга киритилди. Ҳаммаси сиз учун қониқарлими?
- Ҳаммаси яхши ва кўнгилдагидек зўр бўлди, деб ўйлайман. Камчиликлар бўлди, шуларни устида ишлаб тўғрилаймиз.
- Биринчи маротаба Самвел Бабаян қўли остида ярим мавсумни ўтказдингиз. Ушбу мутахассис билан ишлаш қандай экан?
- Яхши. Мураббий ва инсон сифатида ҳам ажойиб.
- Сизни кўпроқ нимаси билан ҳайрон қолдирди?
- Ҳар томонлама зўр. Ёмон тарафини кўрмадим.
- Наманганда тўп суриш осон эмас. Айниқса, янги келган футболчиларнинг дабдурустдан мухлисларнинг босимини кўтара олмай қолган пайтларини ҳам кўрганмиз. Чиндан ишқибозларнинг босими кучлими ёки сизга унчалик сезилмадими?
- Босим бор. Олдин “Андижон”да ўйнаганман. Ўзингиз биласиз, у ерда ҳам босим бўлади. Шунинг учун фарқи катта эмас, лекин босим бор. Мухлислар кўп киради.
- Уларнинг қўллаб-қувватлаши жамоанинг натижаларига қанчалик таъсир қилди, деб ўйлайсиз?
- Катта ёрдам беришади. Футболчи сифатида майдонга чиқсангиз бу ҳол ўзингизга сезилади.
- Сиз ҳали Осиё Чемпионлар лигасида ўйнамагансиз. Бу сафар “Навбаҳор” таркибида ОЧЛда дебют қилиш имкониятингиз бор. Мақсад қандай?
- Худо хоҳласа, ҳаммасини ютишимиз керак. Ўзимизни ниятимиз ҳам шу.
- Осиё Чемпионлар лигасидаги иштирокни қандай тасаввур қиляпсиз?
- Охиригача – финалгача бормоқчимиз. Бунга жамоамизнинг имконияти етарли. Ҳеч кимдан кам жойимиз йўқ.
- Наманганлик мухлислар янги мавсумда янада кўп нарсаларни кутишяпти...
- Биз ҳам улардан кўп нарса кутяпмиз (кулади). Янги мавсумда янада кучли қўллаб-қувватлов остида бизга катта ёрдам беришади, деб умид қиламан.
- 2022 йилги чемпионат сизга кўпроқ нимаси билан ёдда қоларли бўлди?
- Бу мавсум финални юта олмаганимиз билан ёдда қолди. Ўшанда биз ютишимиз керак эди. Янги мавсумда Кубокни ҳам ютиб, чемпион бўлишга ҳаракат қиламиз.
- Янги мавсумдан футболчи сифатида нимани кутяпсиз?
- Албатта, энг яхшисини кутяпмиз. Совринларни ютиш, чемпионликни қўлга киритиш. Чемпион бўлсак, ишонч оқланади (кулади).
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар