"Одатдагидек ҳисобга қарамаймиз" - Вадим Абрамов сўнгги назорат баҳси, Санчеснинг ўйини ва БАА йиғини ҳақида
«Динамо» жамоаси Дубайдаги иккинчи йиғини доирасидаги сўнгги 5-учрашувини Қозоғистоннинг «Елимай» клубига қарши ўтказиб, 2:2 ҳисобида дуранг қайд этди.
Ўйиндан кейин самарқандликлар бош мураббийи Вадим Абрамов клуб матбуот хизматига сўнгги тайёргарликлар ҳақида маълумот берди.
«Ўйин ёмон ўтмади. Умуман олганда, йиғин якунида одатда футболчиларнинг тўпдан тўйиб қолгани кўриниб қолади. Биринчи бўлим унча чиқмади, иккинчи бўлимда эса қизиқарли кураш кечди. Рақиб ёмон жамоа эмас, бу кўриниб турибди. Одатдагидек, ҳисобга қарамаймиз, асосийси барчага ўйин амалиётини бердик. Ҳозир муҳими шу.
Ҳа, деярли бир ҳафтадан кейин чемпионат бошланади. Эртага Тошкентга қайтамиз ва икки кун дам берамиз. Футболчилар узоқ вақт сафарда бўлишди, оилалари билан бирга бўлишсин. 23 февралдан эса Самарқандда йиғиламиз ва 28 феврал кунги ўйинга тайёрланамиз.
Санчеснинг биринчи ўйини ҳақида? Бу ҳали биринчи ўйин, мослашиш жараёнига вақт талаб этилади. Янги ўйинчилар мослашиши учун бироз вақт керак. У биринчи баҳс учун нормал ўйнади, - деди Вадим Карленович «Елимай»га қарши баҳсдан (2:2) кейин.
Шу тариқа, «Динамо» жамоаси Дубайдаги иккинчи йиғинни (6-20 феврал) якунлаб жума куни Ўзбекистонга қайтади.
Фикрлар