ЎФА аёллар чемпионатининг қуйи олтилик жамоаларига ёрдам кўрсатади
Ўзбекистон футбол ассоциацияси моддий қийинчиликка дуч келган аёллар жамоаларига ёрдам кўрсатди ҳамда уларнинг Тошкентда яшаш ва овқатланиш харажатларини ўз зиммасига олди. Бу ҳақда Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев маълум қилди.
"Моддий қийинчиликлар сабаб, 22 тур ўтиши керак бўлган аёллар чемпионати 16 турлик қилиб қисқартирилганди. Шундан кейин ҳам, 5 та жамоа турнирдаги иштирокини давом эттира олмаслигини маълум қилди.
ЎзПФЛ мазкур масалани ЎФА билан муҳокама қилди. Якунда ЎФА "Сурхон", "Андижон", "Бухоро", "Қизилқум" ва "Навбаҳор" клубларининг аёллар жамоасига шароит яратиб беришга қарор қилди. Яъни, ЎзПФЛ улар учун марказлаштирилган мусобақа ташкил этади. ЎФА эса жамоаларнинг Тошкентда яшаш ҳамда овқатланиш харажатларини қоплаб беради.
Аввалроқ, ЎФА аёл футболчиларнинг коронавирус учун топшириши лозим бўлган тестлари учун харажатларни ҳам ўз зиммасига олганди", - деб ёзади Имомхўжаев.
Фикрлар