ЎФА Ижроқўми Ўзбекистон (U-19) терма жамоаси бош мураббийи Отабек Ғуломхўжаев раҳбарлигидаги мураббийлар штабини вазифасидан озод этди
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 6-10 ноябрь кунлари Саудия Арабистонида U-19 Осиё Чемпионати-2020 саралаш баҳслари ўтказилди.
Саралаш баҳсларида Отабек Ғуломхўжаев бошчилигидаги Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ҳам иштирок этди.
10 ноябрь куни Ўзбекистон U-19 терма жамоаси Саудия Арабистони ёшлар термасига қарши баҳс олиб борди. 1:1 ҳисобида якунланган учрашувда Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси сафида 4 нафар футболчи ҳакам томонидан огоҳлантирилди. Шунингдек, Одилбек Абдумажидов қизил карточка олиб, майдонни тарк этди. Бундан ташқари Ўзбекистон U-19 терма жамоаси бош мураббийи – Отабек Ғуломхўжаев ҳамда унинг ёрдамчиси Дониёр Усмонов ҳам ножоиз хатти-ҳаракатлари сабаб ҳакам томонидан огоҳлантирилди.
Ушбу учрашувни ўрганиб чиққан ОФКнинг Тартиб-интизом ва одоб-аҳлоқ қўмитаси ЎФАга шикоят мактуби йўллаб, учрашув давомида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси мураббийлари ўзини нопрофессионал тарзда тутганликлари ва буни ўрганиб чиқиб, тегишли чоралар кўрилиши зарурлигини маълум қилди. Ушбу ҳолат эса Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътиборига, мазкур ёш тоифасидаги қитъа чемпионатига мезбонлик қиладиган мамлакат имиджига мусобақа олдидан салбий таъсир ўтказиши эҳтимоли мавжуд.
Мазкур ҳолат ЎФАнинг Ижроқўми томонидан кўриб чиқилди. Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси устозларининг халқаро миқиёсдаги учрашув вақтида ножоиз хатти-ҳаракатлар амалга оширгани, шогирдларига ўрнак бўлиш ўрнига ўйин расмийлари қарорларидан норози эканини очиқчасига намойиш этиб, майдонда ўзини нопрофессионал тутгани эътироф этилди. Якунда ЎФА Ижроқўми Ўзбекистон U-19 терма жамоаси бош мураббийи Отабек Ғуломхўжаев раҳбарлигидаги мураббийлар штабини эгаллаб турган лавозимидан озод этиш бўйича қарор чиқарди.
Учрашув қандай ҳисобда якунланишидан қатъий назар ҳар бир футболчи ва мураббий ўзини профессионал тарзда тутиши лозим. Халқаро майдондаги учрашувлар вақтида футболчи ёки мураббий нафақат ўз шаънини, балки бутун мамлакат шарафини ҳимоя қилишини ҳис этиши зарур.
Манба: Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси телеграм расмий канали
Фикрлар