ЎФАда яна бир ФИФА мутахассиси иш бошлайди

Ўзбекистон футбол ассоциациясида яна бир ФИФА мутахассиси иш бошлайди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизмати хабар берди.

ЎФАда "ФИФА Иқтидорли мураббийлари" лойиҳаси доирасида юртимизда доимий тарзда фаолият олиб борувчи мутахассисни тайинлаш масаласида учрашув ўтказилди. 

Унда ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Ирматов, бош котиб Аваз Максумов, ЎФА техник директори Ги Киала, ФИФА техник департаменти бош мутахассиси Мишел Саблон ва "ФИФА Иқтидорли мураббийлари" лойиҳаси мутахассиси Ларс Ҳопплар иштирок этишди. 

Ушбу лойиҳа доирасида доимий фаолият олиб борувчи мутахассиснинг олдига қўйиладиган вазифалар эшиттирилди. Хусусан, ҳудудий футбол академияларини доимий қўллаб-қувватлаб бориши, иқтидорларни ривожлантириш схемасини ишлаб чиқиши, "скаутинг" фаолияти билан шуғулланиши ҳамда мураббийлар таълим тизимини янада такомиллаштириш каби йўналишларни назорат қилади. Ушбу муҳим вазифаларни сифатли назорат қила оладиган номзод ФИФА томонидан тавсия этилади. "ФИФА Иқтидорли мураббийлари" лойиҳаси координатори бевосита "Миллий футбол маркази" да фаолият олиб бориши режалаштирилган.

Шуни таъкидлаш керакки, ўзбек футболида илк бор ФИФА мутахассислари доимий асосда юртимизда иш олиб бориши, халқаро тажрибани татбиқ этиши футболимиз ривожи йўлида ташланган яна бир муҳим қадам бўлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!