ОФК: Бафетимби Гомис, Бағдод Бунеджа, Игорь Сергеев – улар вазиятни ўзгартириб юборади

ОЧЛ рестарти яқин. 14 сентябрь куни 7 ойлик танаффусдан сўнг Осиёда халқаро учрашувлар бошланади. Хабарингиз бор, ОФК мусобақани марказлашган ҳолатда ўтказишга қарор қилди.

Тошкентнинг “Пахтакор” жамоаси Ғарб минтақаси “B” гуруҳи доирасида ўз учрашувларини Қатарда ўтказади. Рестарт олдидан ОФК расмий сайти айни вақтда юқори спорт формасида бўлиб турган футболчиларга эътибор қаратди.

Бафетимби Гомис (“Ал Ҳилол”)

Франциялик ҳужумчи жорий мавсум “Ал Ҳилол” сафида барча мусобақаларда 34 баҳсда майдонга тушди ва 11 та гол киритди. Айнан унинг “Ал Ҳазем” дарвозасига киритган учта голи жамоасига мамлакат чемпионлигини тақдим этди. Қайд этиш жоиз, Гомис қаторасига иккинчи мавсум 20 талик “довонни забт этмоқда”. ОЧЛда эса 3 та ўйинда 3 та тўп киритган ҳолда мусобақа тўпурарларидан бири бўлиб турибди.

Омар Ал Сома (“Ал Аҳли”)

Суриялик форвард жароҳати боис жорий мавсум ОЧЛда бирорта беллашувда майдонга тушмади, аммо маҳаллий мусобақаларда 26 баҳсда иштирок этиб, 20 бор рақиблар дарвозасини ишғол қилишга эришди.

У айни вақтда юқори формада бўлиб турибди. Сўнгги 5 ўйинда 5 гол.

Коджо Лаба (“Ал Айн”)

Тоголик футболчи 2019 йил Марокашнинг “Беркан” жамоасидан келиб қўшилган эди. Унинг “Ҳазза бин Зайед” стадионидаги “саргузаштлари” COVID-19 сабаб, тўхтаб қолди. БААда чемпионат учрашувлари тўхтатилди ва қайта тикланмади. Қаҳрамонимиз эса, бу вақтга қадар 19 та баҳсда 17 та тўп киритишга эришган эди.

“Ал Айн” ОЧЛда қийин вазиятда қолган. 2 ўйинда 2 мағлубиятга учраган Педро Эмануэль шогирдлари гуруҳдан чиқиш учун олдинда турган 4 учрашувнинг барчасида ижобий натижа қайд этишларига тўғри келади.

Бағдод Бунеджа (“Ал Садд”)

Осиё футболини мунтазам кузатиб борадиган мухлислар ушбу ҳужумчи ҳақида эшитган бўлишлари табиий. 28 ёшли футболчи “Ал Садд” тарихидаги энг яхши тўпурар саналади. Марокашлик форвард жамоаси учун 102 баҳсда 113 та тўп киритган ва 31 та голли узатмани амалга оширган.

Бунеджа ушбу мавсум ОЧЛда голлари ҳисобини очмади, аммо Санти Касорла ёрдамида бу иш тез орада амалга ошиши аниқ.

Шейк Диабате (“Истиқлол”)

Малилай ҳужумчи якунига етган мавсум Эрон чемпионатида 21 ўйинда 15 та гол киритиб, энг яхши тўпурар бўлди. ОЧЛ саралаш босқичи доирасида эса 2 та баҳсда 3 та тўп киритган ҳолда жамоасини гуруҳ босқичига йўл олишида катта ҳисса қўшган эди.

Игорь Сергеев (“Пахтакор”)

Сергеев ушбу мавсум Суперлигада 13, ОЧЛда эса 2 та гол киритишга эришди. Чемпионатда биринчи давра рамзий терма жамоасидан ўрин эгаллади ва август ойининг энг яхши футболчиси, деб топилди.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)