ОФК кубоги финалига бир қадам қолганда “Сўғдиёна” қай тарзда мағлубиятга учради?
Бугун ОФК Кубоги ҳудудлараро финал босқичи доирасидаги "Сўғдиёна" - "Куала-Лумпур Сити" учрашув бўлиб ўтди.
Суперлига чемпионлиги учун курашда бироз чекинган Улуғбек Бақоев эътиборни халқаро мусобақага қаратганини учрашувга жанговор таркибни ташлаганидан билса ҳам бўлади. Бу ўйин бошланишидан жиззахликларга қўл келди.
Халқаро майдонда етарлича тажриба тўплаган Жасур Ҳасанов дастлабки ҳужумда ўнг қанотдан оширилган тўпни тўхтатмасдан дарвозага йўллаган бир пайтда, ҳимоячи ҳамюртимизнинг уринишини йўққа чиқарди. Ундан сўнг Шоҳруз Норхонов жарима майдони яқинидан зарба берди. Аммо ноаниқ.
19-дақиқада Жасур Ҳасанов чан томондан узатган тўпни Сардор Қулматов ерлатиб дарвозага йўллади. Рақиб посбони иккинчи уринишда ушлаб олди.
Тайм ўрталарида жиззахликлар тўп назоратини тўлалигича қўлга олди. Бироқ мезбонлар голга тортадиган хавфли вазият содир этмади. Ўз навбатида, меҳмонлар онда-сонда олдинга ўтиб турди.
34-дақиқада Ҳасанов қарши ҳужумда тўпни жарима майдонига қулай тарзда оширди. Лекин Шоҳруз Норхонов тўпни ўзига бўйсиндира олмади.
40-дақиқада Пауло Жошуа ўнг қанотдан оширилган тўпга етолмади. Яхшиямки Пауло бироз ета олмади. Акс ҳолда мезбонлар ўз дарвозасидан гол ўтказиб юбориши мумкин эди.
Тайм охирларига яқин ташаббус Малайзия клуби томонига ўтди. Улар марказдан рақиб жарима майдони томон юришларни амалга оширди. Аммо танаффусгача гол уриш ҳеч бир жамоага насиб этмади.
Иккинчи бўлимда жамоалар навбати билан ҳужумлар ташкил этди. Бизникилар иккинчи қаватдан тўп оширишга эътибор қаратишди. Бироқ рақиб ҳимоячилари баланд бўйли эканлиги боис ҳаводаги курашда устунлик қилди.
Иккинчи бўлимда майдонга тушган Шавкат Саломов кўп боши билан жуда хавфли зарба берди. Дарвозабон сейв намойиш этди.
Ҳасанов аутдан отган тўпни Чермел боши билан дарвозага тўғрилаб қўйди. Бироқ сўнгги паллада ҳимоячи боши билан тўпни майдон ташқарисига чиқариб юборди.
80-дақиқада "Куала-Лумпур Сити"нинг икки футболчиси қарши ҳужумга чиқиб кетди. Жарима майдонига кириб, пас амалга оширилганда жиззахликлар қийинчилик билан рақиб ҳужумини бартараф этди.
86-дақиқада ҳужумдаги Шоҳруз Норхоновга юқоридан тўп оширилди. Норхонов икки ҳимоячи орасида бўлишига қарамай тўпни ўзига бўйсундирди ва зарба берди. Аммо тўп анча юқоридан кетди. Қулай имконият шу тарзда йўққа чиқарилди. Ундан кейин Ҳасанов жарима майдонига кириб зарба бермоқчи бўлганда, тўпни узоқлаштириб юборди.
90+4-дақиқада жиззахликлар ғалаба голини уриши мумкин эди. Жўрабековнинг яқин масофадан берган зарбасини дарвозабон қайтарди. Ўта қулай имконият қўлдан чиқди. Ҳамюртимиз ҳимоячининг хатосидан фойдалана олмади. Натижада ҳакам қўшимча таймларга мурожаат қилди.
Жавоҳир Қаҳрамонов экстра таймнинг биринчисида анча кучли зарба йўллаб, стадионга йиғилган мухлисларни ларзага келтирди. Бироқ унинг уриниши ноаниқ чиқди. Мезбонларнинг ҳаракатлари ўхшайвермагач узоқ масафадан зарбаларга урғу берилди. Шулардан биттасида Лука Чермель ўз омадини синаб кўрди. Зарба анча кучли чиқди, аммо ноаниқ.
107-дақиқада Қаҳрамонов узоқ масофадан анча кучли зарба берди. Дарвозабондан яна бир қимматли сейв.
Икки жамоа мураббийлари таркибда ўзгаришларни амалга оширди. Бироқ алмаштиришлар ҳисобга таъсир ўтказа олмади. Натижада пенальтилар сериясига ўтилди. Ундан аввал Бақоев Суперлига охирги турида пенальтидан гол ура олмаган Шоҳруз Норхоновни захирага олди. Шунингдек, асосий посбон Милан Митрович ўрнига захира посбони Ширинбой Абдуллаев пенальтилар сериясига ташланди. Бироқ бу ўзгаришлар жамоага ёрдам бермади.
Лотереяда омад "Куала-Лумпур Сити"га кулиб боқди. “Сўғдиёна” 5:3 ҳисобида имкониятни бой бериб, ОФК кубоги финалига чиқа олмади.
Ўйин мана шу сценарий остида кечди. Жиззахликлар яратилган имкониятдан фойдалана олмади. Учрашувда рангбаранглик кўринмади. Шу сабаб “В” ёки “С” режалар кўринмади. Натижада жамоа шу босқичда тўхтади.
Фикрлар