ОФК Кубоги. Рўзиқул Бердиев "Олой"га қарши баҳс олдидан нималар деди?
Хабарингиз бор, эртага "Насаф" жамоаси ОФК Кубоги доирасида Қирғизистоннинг “Олой” жамоаси билан куч синашади. Бугун ушбу беллашув олдидан бўлиб ўтган матбуот анжуманида жамоа бош мураббийи Рўзиқул Бердиев иштирок этди ва журналистлар саволларига жавоб қайтарди. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар тарқатди.
- “Ҳаммага хайрли кун. Aвваламбор барчани бугунги Рамазон ҳайити билан табриклайман. Хусусан юртдошларимизни бугунги муқаддас байрам билан муборакбод этаман. Барча рўзадорларнинг рўзасини яратган ўз даргоҳида қабул қилсин. Ҳаммани яхшиликлар билан сийласин. Мусобақа ҳақида гапирадиган бўлсам, биз бу турнирга узоқ тайёргарлик кўрдик. Гуруҳдаги жамоалар ҳам оддий жамоалар эмас. Бизни қийин беллашувлар кутиб турибди. Лекин бунга қарамасдан биз олдинга қараб интиламиз. Эртанги бахсни ҳам яхши кайфиятда ўтказишга ҳаракат қиламиз.
- Ҳаммамизга маълум, Ўзбекистон чемпионати марказий Осиёдаги энг кучлиларидан бири. Сиз бу мусобақада энг асосий рақобатчи деб қайси жамоани айтган бўлар эдингиз ва қайси жамоа билан кейинги босқичга чиқиш учун кўрашардингиз?
- Рақиблар даржаси ҳақида гапирмаган бўлардим. Чунки яқинда биз ОЧЛ ўйинларини кузатдик. Бу мусобақада Тожикистоннинг “Истиқлол” жамоаси барча қатори бизни ҳам ҳайрон қолдирди. Бу жамоа ўз ўйини билан кўплаб мухлислар меҳрини қозонди. Шунинг учун бу ерда футбол даражаси ҳақида гапириш нотўғри бўлади. Биз бу мусобақага жиддий тайёргарлик олиб боряпмиз. Шу боис, гуруҳмиздаги жамоаларни қайси бири кучли, қайси бири эса кучсиз деб айта олмайман. Гуруҳимиздаги тўртала жамоа ҳам бир ҳил даражадаги жамоалар. Ўйинлар бўлиб ўтмагунча бирини ажратиб, кўрсатиб бўлмайди. ОЧЛда ҳамма “Пахтакор” ва “Aл-Ҳилол” жамоаларини фаворит деб билишганди лекин якунда “Истиқлол” жамоаси ўз кучини кўрсатди. Шунинг учун барча рақибларга қарши бир хил тайёргарлик олиб борамиз.
- Сизга “форс-мажор” савол билан юзланаман. Ўзбекистон клублари ўн йилдан буён ОФК кубоги мусобақасида иштирок этмай келаётганди. ОФК кубоги жамоангиз учун обрўли мусобақа ҳисобланадими? Чунки шу пайтгача “Насаф” ҳам Ўзбекистоннинг бошқа жамоалари ҳам мунтазам равишда ОЧЛ да иштирок этиб келаётганди?
- Биз учун, ҳа. Биласизлар, жамоамиз Ўзбекистондаги энг ёш жамоа. Ушбу мусобақа ёш футболчиларга тажриба тўплаш учун қулай имконият бўлади. ОФК кубоги муҳим мусобақа саналади. Бу турнирда биринчи галдаги мақсад - гуруҳдан чиқиш.
- "Насаф" уч кундан бери ўйин бўлиб ўтадиган стадионда машғулот олиб бормоқда. Суъний қопламали майдон бўлгани учун футболчиларнинг мушакларида оғриқлар кузатилмадими яъни эски жароҳатлар қайталамадими?
- Шу ўринда ташкилотчиларга миннатдорчилик билдириб ўтаман. Машғулотларда ҳеч қандай жароҳат олиш ҳолатлари бўлмади. Тўғри, бу биз учун ноқулай. 2-3 кун ичида мослашиб олишга ҳаракат қилдик.
Фикрлар