ОФК: Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан ўзаро ҳамкорликни давом эттиришдан мамнунмиз!

Кеча Тошкент шаҳри мезбонлик қилган Осиё чемпионлар лигаси "H" ва "I" гуруҳи учрашувлари ўз якунига етди.

"Бунёдкор" ва "Локомотив" стадионларида ўтказилган беллашувларда Шарқ минтақасидан ташриф буюрган 8 жамоа ўзаро баҳс олиб борди.

ОФК Бош котиби Дато Уиндсор Жон Ўзбекистон футбол ассоциациясига расмий хат йўллаб, мазкур ОЧЛ учрашувлари юқори савияда ташкил этилганлиги учун ОФК номидан миннатдорчилик билдирди. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар берди.

"Ўзбекистон футбол ассоциациясини Осиё чемпионлар лигаси баҳсларини муваффақиятли ташкил этганлиги билан самимий муборакбод этамиз.

Шубҳасиз, ушбу муваффақият замирида ЎФAнинг пандемия шароитига қарамай, юқори даражадаги ташкилотчиликни таъминлашдаги фидойилиги, тиришқоқлиги ва тинимсиз ҳаракатлари турибди.

ОФК делегацияси ва иштирок этувчи клубларга кўрсатган ажойиб меҳмондўстлик ҳамда мусобақа давомида барчанинг соғлиғи ва хавфсизлигини таъминлаш ва ҳимоя қилиш учун қилинган барча тадбирлар учун Ўзбекистон футбол ассоциациясига миннатдорчилик билдирамиз.

Барчангизга ташаккур!

Осиё футбол конфедерацияси келгусида Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан ўзаро ҳамкорликни давом эттиришдан мамнун", - дейилади ОФК бош котибининг расмий хатида.

Ўз навбатида, Ўзбекистон футбол ассоциацияси Осиё чемпионлар лигаси баҳслари ва бошқа қитъа мусобақалари мезбонлигини Ўзбекистонга ишониб топширганлиги учун Осиё футбол конфедерацияга миннатдорчилик изҳор этиб, ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга тайёр эканлигини билдиради.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон 2022 йилги U23 Осиё кубоги, 2023 йилги U20 Осиё кубоги ҳамда аёллар ўртасидаги U20 Осиё кубоги 2024 беллашувларига мезбонлик қилади. Шунингдек, аёллар футболи бўйича 2022 йилги қитъа биринчилиги учун ўтказиладиган Саралаш босқичи баҳслари ҳам айнан юртимиз майдонларида бўлиб ўтади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!