ОФК Ўзбекистон мезбонлик қиладиган қитъа биринчилигида кимлар юлдуз бўлишини тахмин қилди. Улар орасида ҳамюртимиз ҳам бор!
ОФК расмий сайти 1 март санасида юртимизда старт олиши кутилаётган (U-20) ёшлар ўртасидаги Осиё кубогида порлаши мумкин бўлган футболчилар рўйхатини эълон қилди. Эътиборлиси шундаки, улар орасида келажакда дунё даражасидаги футболчи бўлиб етиши тахмин қилинган номларни учратиш мумкин. Хўш, улар ким? Қайси жамоа аъзоси? Бугун шу ҳақда атрофлича фикр юритамиз.
Габриэль Попович (Австралия)
Позиция: ҳужумчи
Саралаш босқичидаги голлар: 3
Ҳозирги клуби: "НК Рудеш", Хорватия иккинчи дивизиони
ОФК турнирларидаги иштироки: U-16 "Осиё чемпионати-2018" финал босқичи, "ОЧЛ-2020" гуруҳ босқичи ("Перт Глори" сафида), U-20 "Осиё кубоги-2023" саралаш босқичи.
Попович бугунги Австралиянинг чинакам етакчиси. Хорватиядаги иккинчи дивизион вакили саналган “НК Рудеш” шарафини ҳимоя қилади. Қаҳрамонимиз саралаш ўйинларида рақиб дарвозасига 3 бор гол киритиб, “кенгурулар”ни “H” гуруҳида биринчи ўринни олишини таъминлади. Англияда таваллуд топган футболчи 2020 йилдаёқ U-16 Осиё чемпионати саралаш босқичида ўзини кўрсатишга муваффақ бўлган. Ўша йилнинг сўнггида эса “Перт Глори” сафида ОЧЛда дебют қилади.
Аифейердинг Аисикаер (Хитой)
Позиция: ҳужумчи
Саралаш босқичидаги голлар: 3
Ҳозирги клуби: -
ОФК турнирларидаги иштироки: U-16 "Осиё чемпионати-2018" саралаш босқичи, U-19 "Осиё чемпионати-2020" саралаш босқичи, U-20 "Осиё кубоги-2023" саралаш босқичи.
Аисикаер Хитой ёшлар жамоаси сафида қитъа биринчилиги учун ўтган саралашда тўпурар бўлди. У Мьянмага қарши баҳсда икки бор рақиб дарвозасини ишғол этган бўлса, Мальдив ороллари посбони ҳам ундан ранжиди. Эътиборлиси, у U-16 ва U-19 жамоалари сафида Осиё чемпионатида иштирок этмаган. Бу футболчи учун дебют мусобақа!
Абдулраззоқ Қосим (Ироқ)
Позиция: ярим ҳимоячи
Саралаш босқичидаги голлар: 1
Ҳозирги клуби: "Аш-Шорта", Ироқ Премьер-лигаси
ОФК турнирларидаги иштироки: U-16 "Осиё чемпионати-2018" саралаш босқичи, U-16 Осиё чемпионати финал босқичи, U-19 "Осиё чемпионати-2020", U-20 "Осиё кубоги-2023" саралаш босқичи.
Абдулраззоқ Қосимнинг Ироқ жамоасини Ўзбекистондаги мусобақага келиши учун қўшган хиссаси улкан. У Ҳиндистон ва Қувайтга қарши баҳсларда ўйиннинг энг яхши футболчиси учун бериладиган совринларни ўзиники қилиб олди. Уни Ўзбекистон майдонларида ҳам ўзини яхши кўрсатиши тахмин қилинмоқда.
Амир Иброҳимзода (Эрон)
Позиция: ҳужумчи
Саралаш босқичидаги голлар: 6
Ҳозирги клуби: "Тракторсози", Эрон Про-лигаси
ОФК турнирларидаги иштироки: U-16 "Осиё чемпионати-2020" саралаш босқичи, "Осиё Чемпионлар лигаси-2021" ("Тракторсози" сафида), U-20 "Осиё кубоги-2023" саралаш босқичи.
Пандемия сабабли 2020 йилда бўлиб ўтиши кўзда тутилган Осиё чемпионати (U-16) бекор бўлганидан хабарингиз бор. Айнан ўша мусобақа саралаш ўйинларида Амир Иброҳимзода 5 та гол киритган эди. Шунингдек, қаҳрамонимиз Эроннинг “Тракторсози” сафида ОЧЛда дебют қилишга улгурган. У “Ан-Наср” билан кечган беллашувда, яъни нимчорак финалда майдонда ҳаракат қилди. Кейин Ўзбекистондаги мусобақа учун саралаш ўйинларида ҳам ҳужумчи ўз анъанасига содиқ қолди. Якунда 6 гол ва Эрон Осиё чемпионатида иштирок этиш имкониятини қўлга киритди.
Иса Сакамото (Япония)
Позиция: ҳужумчи
Саралаш босқичидаги голлар: 3
Ҳозирги клуби: "Фагиано Окаяма", Ж-2 лигаси
ОФК турнирларидаги иштироки: "ОЧЛ-2021" гуруҳ босқичи ("Гамба Осака" сафида), U-20 "Осиё кубоги-2023" саралаш босқичи.
“Гамба Осака” сафида порлаб чиққан ёш футболчи айни дамда Япониянинг Ж2 лигаси аъзоси – “Фагияно Окаяма” шарафини муносиб ҳимоя қилмоқда. У ҳам Амир Иброҳимзода сингари қитъа биринчилиги учун ўтган саралаш ўйинларида рақиблари дарвозасига 6 бор йўл топган.
Муҳаннад Абу Таҳа (Иордания)
Позиция: ярим ҳимоячи
Саралаш босқичидаги голлар: 5
Ҳозирги клуби: "Ал-Веҳдат", Иордания Про-лигаси
ОФК турнирларидаги иштироки: "ОЧЛ-2021" гуруҳ босқичи ("Ал Веҳдат" сафида), U-23 "Осиё кубоги-2022" саралаш босқичи, "ОЧЛ-2022" гуруҳ босқичи ("Ал-Веҳдат" сафида), U-23 "Осиё кубоги-2022", U-20 "Осиё кубоги-2023" саралаш босқичи.
“Ал-Веҳдат”нинг аллақачон етакчисига айланган таянч ярим ҳимоячиси Муҳаннад Абу Таҳа Иордания чемпионлигини қўлга киритишга улгурди. Шунингдек, 2021 ва 2022 йилларда ўтказилган ОЧЛда асосий таркиб футболчиси эканини яна бир бор исботлаб қўйди. U-20 Осиё Кубоги саралашида 5 та гол киритиб, асосий қаҳрамонлардан бирига айланди.
Ли Ён Жун (Жанубий Корея)
Позиция: ҳужумчи
Саралаш босқичидаги голлар: 6
Ҳозирги клуби: "Кимчхон Санму", К2 лигаси
ОФК турнирларидаги иштироки: U-20 "Осиё кубоги-2023" саралаш босқичи.
Қаҳрамонимиз ҳам саралаш ўйинларида ўзини аъло даражада намойиш этди. 6 та гол уни Жанубий Корея U-20 жамоасининг саралашдаги энг сермаҳсул футболчиси бўлиши учун кифоя қилди. “Кимчхон Санму” аъзоси сўнгги бор 2012 йилда бу мусобақада ғалаба қозонган Жанубий Кореяни яна олтин медаллар сари етаклаши тахмин қилинмоқда.
Мирлан Бекбердинов (Қирғиз Республикаси)
Позиция: ярим ҳимоячи
Саралаш босқичидаги голлар: 3
Ҳозирги клуби: "Илбирс Бишкек"
ОФК турнирларидаги иштироки: U-19 "Осиё чемпионати-2020" саралаш босқичи, U-20 "Осиё кубоги-2023" саралаш босқичи.
Мирлан 19 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги 2020 йилда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида кўпчиликнинг эътибор марказида бўлган эди. Ярим ҳимоячи ижодкорлиги ва майдонни яхши кўра олишини барчага исботлади. Саралаш ўйинларида рақиблари дарвозасига 3 бор йўл топган “фантазиста” Қирғиз Республикаси ишқибозларининг асосий умиди бўлиб турибди.
Аҳад Алмашайхи (Уммон)
Позиция: ярим ҳимоячи
Саралаш босқичидаги голлар: 1
Ҳозирги клуби: -
ОФК турнирларидаги иштироки: U-20 "Осиё кубоги-2023" саралаш босқичи.
Ўзбекистондаги турнир чиптаси ҳал этилган Таилландга қарши ўйинда ягона голни киритган Аҳад бугунги Уммон термасининг асосий юлдузларидан бири саналади. У ҳали бундай катта мусобақада дебют қилмаган. Шунга қарамай, ғалабага ўч эканлиги ижобий натижа кўрсатишга ундаши лозим.
Аҳмад ал-Рави (Қатар)
Позиция: ҳужумчи
Саралаш босқичидаги голлар: 5
Ҳозирги клуби: "Ар-Райян", Қатар Юлдузлар лигаси
ОФК турнирларидаги иштироки: "ОЧЛ-2022" гуруҳ босқичи ("Ар-Райян" сафида), U-20 Осиё кубоги саралаш босқичи.
Қитъа биринчилигида 15 марта иштирок этаётган Қатар жамоасини бугунги юдузи сўзсиз Аҳмад ал-Рави! У саралаш ўйинларида Бангладеш ва Бутан билан ўйинларда баҳснинг энг яхши футболчиси деб эътироф этилган. Қатарнинг “Ар-Райян” аъзоси саналади. У 2020 йилда бўлиб ўтган ОЧЛ баҳсларида 4 ўйинда иштирок этди.
Абдулло Радиф (Саудия Арабистони)
Позиция: ҳужумчи
Саралаш босқичидаги голлар: 5
Ҳозирги клуби: "Ат-Таъвун", Саудия Арабистони Про-лигаси
ОФК турнирларидаги иштироки: "ОЧЛ-2021" ("Ал-Ҳилол" сафида), ЖЧ-2022 саралаш босқичи, U-20 "Осиё кубоги-2023" саралаш босқичи.
Абдулло Радиф Ўзбекистон мезбонлик қиладиган мусобақада ўзини кўрсатиши тахмин қилинаётганлар орасидаги энг тажрибалиси саналади. У “Ал-Ҳилол” сафида 2021 йилда бўлиб ўтган ОЧЛ баҳсларида олтин медалларга эга чиққан. Қўшимчасига, ЖЧ 2022 саралаш ўйинларида ҳам иштирок этди. U-20 "Осиё кубоги-2023" мусобақаси учун ўтказилган саралаш ўйинларида бешта гол киритишга муваффақ бўлди.
Хозан Раван Усмон (Сурия)
Позиция: ҳужумчи
Саралаш босқичидаги голлар: 4
Ҳозирги клуби: "Де Графсхап", Нидерландия иккинчи дивизиони
ОФК турнирларидаги иштироки: U-20 "Осиё кубоги-2023" саралаш босқичи.
Нидерландиянинг иккинчи дивизионида тўп тепувчи йигит Суриянинг саралашдаги оғир ўйинларида ўзини муносиб кўрсатишни уддалади. Мутахассислар айнан уни бугунги Сурия футболининг бўлажак юлдузи бўлишини тахмин қилмоқда.
Абдулфаттоҳ Худоидодзода (Тожикистон)
Позиция: ҳужумчи
Саралаш босқичидаги голлар: 2
Ҳозирги клуби: -
ОФК турнирларидаги иштироки: U-16 Осиё чемпионати, U-20 "Осиё кубоги-2023" саралаш босқичи.
Тожикистон U-20 жамоаси сардоридан Ўзбекистондаги мусобақада голлар кутиб қоламиз.
Шаҳзод Раҳматуллаев (Ўзбекистон)
Позиция: ярим ҳимоячи
Саралаш босқичидаги голлар: 3
Ҳозирги клуби: "Пахтакор", Ўзбекистон Суперлигаси
ОФК турнирларидаги иштироки: U-20 "Осиё кубоги-2023" саралаш босқичи.
Ўзбекистон терма жамоаси яқинлашиб келаётган мусобақанинг мезбони саналади. Бу мамлакат иқтидорли футболчиларга жуда бой. Ярим ҳимоячи Шаҳзод Раҳматуллаев ҳам шулар жумласидандир. “Пахтакор” клуби аъзоси U-20 "Осиё кубоги-2023" мусобақаси саралашида 3 та голни ўз ҳисобига ёзиб қўйган. У майдон марказида жамоа ўйинини бошқариб боради. Футболчини чинакам етакчилик қобилиятини намойиш этади, деган умиддамиз.
Дин Хуан Тин (Вьетнам)
Позиция: ярим ҳимоячи
Саралаш босқичидаги голлар: 3
Ҳозирги клуби: "Сонг Лам Нге Ан", Вьетнам Биринчи лигаси
ОФК турнирларидаги иштироки: U-16 "Осиё чемпионати-2018", U-20 "Осиё кубоги-2023" саралаш босқичи.
Гонг-Конгга қарши ўйинда дубль қайд этган футболчи Вьетнам сафида Ўзбекистон майдонларини “ёндириши” тахмин қилинаётганлардан бири. Майдонда улкан ҳажмдаги меҳнатни амалга оширувчи ярим ҳимоячи Вьетнамнинг биринчи лигасида тўп тепади.
Фикрлар