ОФК Тартиб-интизом қўмитасининг қарорига ЎФФ ходими изоҳ берди
Ads

ЎФФ ходими бир йилга футболдан четлатилган футболчи бўйича изоҳ берди.

Кеча хабар берганимиздек, ОФК Тартиб-интизом қўмитасининг 15 декабрьдаги қарорига мувофиқ Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси аъзоси Абдулхай Исмоилов бир йил муддатга ҳар қандай футбол учрашувларда қатнашиши тақиқланган эди.

Бу қарордан сўнг Ўзбекистон Футбол Федерациясининг Халқаро алоқалар бўлими етакчи мутахассиси Шерзод Игамбердиев Facebook ижтимоий-тармоғи орқали ОФК Тартиб-интизом қўмитаси томонидан чиқарилган қарорга изоҳ берди.

Ўтган йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Фаластинда бўлиб ўтган Ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатига саралаш баҳсларида иштирок этган эди. Баҳслар давомида терма жамоамиз шарафини ҳимоя қилган Абдулхай Исмоилов “кўричак” (халқ тили билан айтилганда) касаллиги билан шифохонага ётқизилади ва жарроҳлик амалиётини бошдан кечиради (ҳар қандай операция ўзидан сўнг асорат қолдиради ва вазн йўқотишга сабаб бўлиши мумкин).

Абдулхай ўз клубида машғулотларни давом эттираверган, бироқ терма жамоага кам чақирилган. Жорий йилнинг 26 июль куни у туғилган шаҳри Наманганга боради ва текширувлардан сўнг “дистрофиянинг 2 босқичи (тўқималар функциясининг бузилиши)” ташхиси қўйилган. Унга бир ҳафталик даволаниш курси тайинланган. Даволаниш давомида маҳаллий шифокор футболчининг организмида глюкоза миқдорини ошириш учун “ретаболил” препаратини ҳам қўллайди.

Даволаниш курсидан сўнг Алдулхай Тошкентга қайтиб, сентябрда терма жамоа билан Осиё чемпионати U-16 мусобақасида иштирок этиш учун Ҳиндистонга жўнаб кетади. Бироқ футболчининг тажрибасизлиги сабаб чемпионатнинг тиббий бўлим ходимларига бир ҳафталик даволаниш курси ҳақида хабар бермайди.

Чемпионат давомида терма жамоамиз аъзолари одатий допинг-назоратидан ўтишади. Алдулхайнинг биринчи ва иккинчи допинг назорат тестларидан ижобий натижа олинади. Унга кўра, футболчининг организмидан тақиқланган “ретаболил” моддаси борлиги маълум бўлади.

Бу модда фақатгина футболчининг йўқотилган вазнини қайта тиклаш учун қўлланилган. Агар у атайлаб қабул қилганда, уни 6-7 кун ичида организмдан чиқариб ташлаш мумкин эди. Абдулхай эса шифокор унга тақиқланган модда берганини билмаган.

Барчамиз футболчимизга далда беришга ҳаракат қилмоқдамиз. Биз бир оила сифатида ҳар қандай вазиятда ҳам футболчиларни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз. Футболдан бир йиллик муддатга четланиш бу жуда узоқ муддат. Лекин бу ҳаёт тугаб қолди дегани эмас, айниқса ўсмир футболчи учун.