ОФК вакиллари Ўзбекистон футбол ассоциациясига ташриф буюришди
Бугун Осиё футбол конфедерацияси бош котибининг ўринбосари Воҳид Кардани ва ОФКда самарали фаолият юритаётган ўзбекистонлик мутахассис Санжар Ризаев Ўзбекистон футбол ассоциациясида меҳмон бўлиб, ЎФА раҳбарияти билан учрашишди.
Учрашув мобайнида дастлаб Ўзбекистон футболида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришлар, қўлга киритилаётган сезиларли ютуқлар ҳақида сўз юритилди. ЎФА ҳамда ОФК ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик муносабатлари ишонч ва ҳурмат асосида қурилган эканлигини алоҳида таъкидланди.
ЎФА бош котиби Аваз Максумов Осиё футбол конфедерацияси билан яқин ҳамкорликда кенг кўламли ҳамкорлик дастурлари ва лойиҳаларини амалга оширилишдан ҳар доим мамнун эканлигини айтди.
Мулоқот давомида Воҳид Кардани Ўзбекистон футбол ассоциацияси мутахассислари билан суҳбатлашиб, айни пайтда мамлакатимиз майдонларида бўлиб ўтаётган аёллар ўртасидаги Осиё кубоги саралаш баҳсларининг ташкилотчилиги учун миннатдорчилик билдириб ўтди.
Бундан ташқари пандемия пайтидаги футболдаги ўзгаришлар, ОФК тузилмасига оид янгиликлар билан ўртоқлашди. Шунингдек, Ўзбекистон футзал терма жамоасининг халқаро майдонда кўрсатаётган натижасини эътироф этди ва бугунги баҳсда жамоамизга омад тилади.
ЎФА матбуот хизмати
Фикрлар