Оғир атлетика. 2023 йилда терма жамоаларимизни қандай халқаро мусобақалар кутмоқда?

2023 йил мамлакатимиз оғир атлетикачилари учун бир-биридан қизиқарли мусобақаларга бой спорт мавсуми бўлиши ҳамда Париж-2024 Олимпия ўйинларининг дастлабки йўлланмаларини қўлга киритиш учун ўтадиган нуфузли турнирлардан иборатлиги билан алоҳида ажралиб туради.

Хўш, жорий йилда дунё оғир атлетикачилари қатори Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари айнан қайси халқаро мусобақаларда медаллар учун кураш олиб боради? Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси матбуот хизмати бу ҳақда маълум қилди.

Унга кўра йил давомида турли ёш тоифасидаги терма жамоаларимиз халқаро миқёс ва аҳамиятга эга 11 та мусобақаларда иштирок этиши белгиланган.

Йилнинг илк халқаро оғир атлетика баҳсларига Албаниянинг Дуррес шаҳри мезбонлик қилади. Ушбу мамлакатда жорий йилнинг 25 март – 1 апрель кунлари ўсмирлар ўртасида Жаҳон чемпионати бўлиб ўтади.

Ёдингизда бўлса, ўтган йили Мексиканинг Лион шаҳрида ўсмирлар ўртасида ўтган Жаҳон чемпионатида 4 нафар спортчимиз қатнашиб, 8 та кумуш ва 2 та бронза медалига эга чиққанди. Бу гал ушбу натижа янада яхшиланади, деган умиддамиз.

Жорий спорт мавсумининг энг қизиқарли мусобақаларидан – Осиё чемпионати 3-13 май кунлари Жанубий Кореянинг Жинжу шаҳрида ўтади. Мазкур қитъа чемпионати Париж-2024 Олимпиадаси йўлланмаларини тақдим этиши билан аҳамиятлидир.

Париж-2024 йўлланмалари ўйналадиган “IWF Grand Prix” турнири 2-12 июнь кунлари Кубанинг Гавана шаҳри мезбонлигида ташкил этилса, шу ном остида бўладиган мазкур турнирнинг яна бири 1-17 декабрь кунлари Қатарда кучлиларни аниқлайди.

Айтиш лозим, ушбу иккала турнир Халқаро оғир атлетика федерацияси тақвимидаги энг асосий турнирлардан саналади.

Ҳар галгидек, бу йил ҳам Тошкент халқаро оғир атлетика мусобақаларининг марказларидан бирига айланади. Жорий йил 11-16 июнь кунлари Ўзбекистон пойтахтида Марказий Осиё очиқ чемпионати минтақа спортчиларини ғолиблик йўлида кураш майдонига жамлайди.

Ўтган йили қитъанинг энг кучли ўсмирлари ва ёшларини аниқлаган қитъа чемпионатига бу гал Ҳиндистон мезбонлик қилади. Мусобақалар 28 июль – 5 август кунлари бўлиб ўтади.

Шунингдек, оғир атлетикачиларимиз 4-14 август Беларуссияда бўладиган МДҲ ўйинларида, 20-31 августда Хитойда кечадиган жаҳон кубогида, 23 сентябрь – 8 октябрда ёзги Осиё ўйинларида, 1-10 ноябрда Мексикада ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.

2023 йил катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати бу сафар 2-17 сентябрь кунлари Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида ўтказиладики, мавсумнинг энг нуфузли мусобақасида терма жамоамиз аъзолари муносиб натижаларга эришиши йўлида мураббий ва мутахассислар бошчилигида тизимли тарзда қизғин ҳозирлик кўрмоқда.

Эслатиб ўтамиз, мамлакатимиз оғир атлетикачилари ўтган йилги халқаро турнир ва чемпионатларда умумий ҳисобда 157 та медаллар шодасини қўлга киритганди. Шундан 64 таси олтин, 39 таси кумуш ва 54 таси бронза медалларидан иборат бўлганди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!