Оғир атлетика. Чирчиқда кичик ўсмирлар ўртасида (U15) Ўзбекистон чемпионати якунланди
Чирчиқ шаҳрида ташкил этилган ўсмирлар ўртасидаги (U17) Марказий Осиё чемпионати билан бир вақтда кичик ўсмирлар ўртасида (U15) Ўзбекистон чемпионати ҳам ўтказилди.
Мамлакат биринчилигида 300 нафардан ортиқ ёш полвонлар ғолиблик учун ўзаро баҳс олиб боришди. Якуний натижаларга кўра, медаллар жамғариш борасида қуйидаги жамоалар кучли учликдан жой олди:
Қарши ОПСТТМ – 3 та олтин, 2 та кумуш, 2 та бронза
Наманган вилояти - 3 та олтин, 1 та кумуш, 2 та бронза
Хоразм вилояти - 2 та олтин, 5 та кумуш, 2 та бронза
Шунингдек, бир қатор вазн тоифаларида Ўзбекистон чемпионати рекордлари ҳам ўрнатилди. Жумладан, аёллар ўртасида -33 кг вазн тоифасида Солиҳа Баҳодирова (Самарқанд в.) силтаб кўтариш машқида 45 кг (аввалги рекорд 43 кг), иккикурашда 78 кг (аввалги рекорд 75 кг) натижа кўрсатиб, мамлакат рекордини янгилаган бўлса, +71 кг вазн тоифасида супачага кўтарилган Хулкар Рузивулова даст кўтаришда 83 кг (аввалги рекорд 76 кг), силтаб кўтаришда 101 кг (аввалги рекорд 97 кг) ва иккикурашда 184 кг (аввалги рекорд 172 кг) натижа билан ушбу ёш тоифасида амалдаги рекордларни янгилади.
Ўғил болалар орасида -67 кг вазн тоифасида баҳсларда қатнашган Озодбек Мўминжонов (Чирчиқ ОПСТТМ) силтаб кўтаришда 135 кг (аввалги рекорд 131 кг) ва иккикурашда 237 кг (аввалги рекорд 234 кг) натижа қайд этиб, мамлакат рекордларини янгилашга муваффақ бўлди.
Фикрлар