ОКМК янги мавсум олдидан футболчиларини таништирди
Биласиз, мамлакатимиз клублари ҳар йили мавсум аввалида тақдимот маросимларини ўтказиши ва янги футболчиларни таништириши анъанага айланиб улгурган.
26 февраль куни ОКМК спорт мажмуасида янги мавсум олдидан тақдимотини ўтказди. Унда ўтган йилларда жамоада ёрқин ўйинлар намойиш этган футболчилар ва янги мавсумдан эътиборан клуб таркибига келиб қўшилган бир қатор маҳаллий ҳамда легионер ижрочилар таништирилди.
Тадбир аввалида ОКМК футбол клубининг Президенти Абдулла Хурсанов сўзга чиқиб, футболчиларга омад ва зафарлар тилади. Сўнгра, бош мураббий Миржалол Қосимов билан биргаликда ўзбек бренди остидаги «7САБEР» компанияси томонидан ишлаб чиқарилган ОКМК ПФКнинг махсус формаларини футболчиларга тантанали равишда топширишди.
ОКМК жамоасининг энг катта ютуғи – уни ўзига хос фидойи мухлислари борлигидир. Уларнинг бир қанчаси ушбу тадбирда иштирок этиб, ҳар қандай вазиятда жамоа билан бирга эканлигини ва доимо қўллаб-қувватлашини таъкидлаб ўтдилар.
Эслатиб ўтамиз, ОКМК футбол клуби янги мавсум олдидан 3 нафар легионер: Грузиялик ярим ҳимоячи Гиорги Папава, Сербиялик марказий ҳужумчи Милян Шкрбич ва Япониялик ҳужумкор ярим ҳимоячи – Арихиро Сентоку каби футболчилар жамоа таркибига жалб этилди.
Шунингдек, ўтган мавсумда Суперлига жамоаларида тўп тепган тажрибали ва ёш истеъдод эгалари: Муроджон Тошматов, Жавоҳир Илёсов, Авазбек Ўлмасалиев, Али Абдураҳмонов, Азизбек Холмуродов, Асадбек Раҳимжонов, Азизбек Баҳромов, Саидафзалхон Аҳроров ва Аброрбек Саримсоқов ҳамда Фаррухжон Қодировлар билан шартнома тузилди.
ОКМК матбуот хизмати.
Фикрлар