Олег Зотеев Ўзбекистонни нега иккинчи Бразилия деб атади? У Кореядан яхшироқ чемпионатга нима учун тортмаслигини биласизми? Легионеримиз билан қизиқарли суҳбат
Ҳамюртимиз Олег Зотеев 2020 йилнинг иккинчи ярмидан Жанубий Корея биринчи дивизионида “Чоннам Драгонс” сафида тўп суриб келмоқда. У бор эътиборини ушбу клубига қаратган.
Якунига етган мавсум Зотеев учун ҳам турли таассуротларга бой ўтди. Spors.uz мухбири билан суҳбатда Олег қатор эътиборга молик ҳолатлар ҳақида гапирди.
- Менимча, 2020 йил пандемия сабабли ҳаммага қийин ўтди. Шу сабабли чемпионат ҳам унчалик қизиқарли бўлмади. Масалан, Ўзбекистон чемпионатида ҳам бир неча бор тўхталишлар бўлди ва қизиқиш камайди. Мен учун бу йил у қадар яхши кечмади, лекин бир томондан қараганда Жанубий Кореяга кетганим ва легионерга айланганим ижобий ҳолат. Иккинчи томондан у ерда жароҳат олдим ва мавсумни бир текис ўтказа олмадим. Бу йил умумий ҳисобда 14 та ўйинда майдонга тушдим. Бир йилда камида 30-35 та ўйинда иштирок этардим. Янги мавсумда ҳаммаси яхши бўлади деб умид қиламан. Ўзимизда ҳам йигитлар астойдил тайёргарлик кўришлари керак. Терма жамоа барибир терма жамоа. Футболчилар яхши спорт формасида бўла олишмаса ҳеч қаерга чиқа олишмайди. “Насаф” ҳам, АГМК ҳам халқаро майдонда муваффақиятли қатнашишини хоҳлайман. Кореяда тартиб-интизом бошқачароқ. Насиб қилса, янги мавсумда ҳам Корея чемпионатида тўхталишлар бўлмайди. Клублари четга чиқмасдан фақат ўзида тайёргарлик кўришади. Янги мавсум 25 февралда бошланади. Ўйинлар кетма-кет давом этади, ҳар 3-4 кунда.
- Шу ёшда легионер сифатида тўп суриш осон эмас. Кореяда мавсум тугагач, аслида режаларингиз қандай эди?
- Тўғрисини айтсам, Жанубий Корея чемпионати менга жуда ёқди. Рақобат кучли, қизиқарли ўйинлар бўлди. Легионерлар ҳам анча савияли. Айниқса, бразилиялик футболчилар кўп. Илгари Бразилия терма жамоасида тўп сурган собиқ ўйинчилари ҳам бор. Янги мавсумда у ерда кўпроқ ўйин кўрсатишга ҳаракат қиламан. Жароҳатлар безовта қилмаса, барқарор ўйнашга ҳаракат қиламан. 2020 йилги чемпионатда жароҳат олгунимга қадар асосий таркибда тўп сураётгандим. Жароҳатдан кейин ҳам икки марта майдонга тушдим. Клуб раҳбарлари ва мураббийлари менга ишонч билдиришяпти. Ҳозирча жамоада легионерлардан фақат мен қолдим. Қолганларига жавоб беришди. Клубга учта янги легионер келади. 32 ёшга тўлдим ва шу ёшда четда, боз устига Корея чемпионатида тўп суриш осон эмас. Осиёда Япония чемпионати биринчи ўринда бўлса, корейсларники иккинчи ўринда. У ерда кўпроқ ўйнамоқчиман, кейин Ўзбекистонга қайтиб яна бир-икки йил тўп сурсам керак.
- “Чоннам Драгонс” билан шартномангизни бир йилга узайтирдингиз. Мавсум тугаган пайтида ҳамкорлик яна давом эттирилишига ишонганмидингиз?
- Биласизми, Кореяга бориб дастлабки еттита учрашувда ўйнаганимдан кейин менга учта клубидан таклиф тушди. Саккизинчи учрашувда жароҳат олдим. “Чоннам” президенти ҳам, мураббийлари ҳам менга ишонишди. Жароҳат олганимда малакали шифокорларни топиб менга бириктиришди, яхши қарашди. Жамоа президенти ва мураббийи ҳам келаси йили 100 фоиз қоласан, шошмасдан даволан деб айтишди. Жароҳатдан кейин энди бу йил бошқа ўйнамасам керак деб ўйлагандим. Операция қилдирмасдан даволандим. Бундай пайтда майдонга тушиш ё тушмаслигим 50х50 эди. Лекин Худога шукр, жароҳатдан кейин ҳам яна учта учрашувда майдонга тушдим.
- Кореяга кетган илк пайтингизда сизда хавотир бор эди. Ўша пайтда гаплашганимизда ўйин амалиётингиз камлигидан хавотирда эдингиз. Чунки чемпионатимизда пандемия сабабли тўхталиш бўлган ва сиз анча пайтдан бери майдонга тушмаётгандингиз. Бироқ Кореяга боргач, ҳаммаси ўзгарди. Буни қандай уддаладингиз?
- Ўзбекистонда 15 март куни охирги ўйин бўлди ва 20 мартдан бошлаб пандемия даврида ўзим якка тартибда шуғулланиб келганман. Шу боис жисмоний тайёргарлигим аъло даражада эди. Фақат ўйин амалиётим камроқ эди. Кореяга 11 июнь куни етиб бордим. 14 кун ичида тренежёр залида яна шуғулландим. Борганимдан кейин илк ўйиндаёқ асосий таркибда майдонга туширди. Очиғи, ўшанда 55-дақиқага келиб кучим тугаб қолганди. Иккинчи ўйинда ҳам бироз қийналдим. Учинчи учрашувга келиб ҳаммаси жойига тушди, ўйиним “очилиб” кетди. Масалан, иккинчи ўйинимда голли пас берган бўлсам, учинчи учрашувда гол урдим. У ерда машғулотлари ҳам кучли. Натижада спорт формам анча яхшиланди. Лекин жароҳатдан кейин ўйиним унчалик чиқмади.
- Сизга Кореянинг қайси клубларидан таклифлар бўлди?
- Кореялик агентим бор, бу иш билан у шуғулланади. Шартномам борлиги учун бу ҳақида жиддий қизиқмадим ҳам. Аслида мени Кореяга олиб кетиб улар таваккал қилишганди. Ўйинлардан кейин эса агентим ҳам хурсанд бўлиб, менга қўнғироқ қилиб табриклаган.
- Кореяга қачон кетасиз?
- 4 январда жўнаб кетаман. Жамоам 3 январда машғулотларни бошлайди. У ерда менга ҳамма шароитлар яратилган, муаммо йўқ. Уй-жой, машина ҳаммаси етарли.
- Миллий терма жамоага ёрдам бера олишингизга ишонасизми? Ёки бош жамоамиздаги фаолиятингизни тугатиш ҳақида ўйлаяпсизми?
- Менимча, зўр спорт формасида бўлсам ва мени термага чақирса бемалол рақобат туғдира оламан. Клубимда 90 дақиқадан жароҳатларсиз барқарор тўп суриб турсам, чақирса керак деб ўйлайман. Мана, Юрий Жирков ҳам 36 ёшида Россия терма жамоасида бемалол ўйнади. Жанубий Корея чемпионати жисмоний томондан жуда кучли. 100 фоиз ишонаманки, ўзимизнинг футболчилардан бу борада асло қолишмайман, 32 ёшда ҳам. Термага чақириш ёки чақирмасликни мураббий билади. Ҳаммаси унга боғлиқ. Таклиф қилса хурсандчилик билан бораман ва ватан учун жоним билан ўйнаб бераман.
- Терма жамоамизнинг жаҳон чемпионатига чиқиш имкониятини кўпчилик қийин баҳолаяпти. Чунки ҳали иккинчи саралаш босқичи тугагани йўқ.
- Нимага Ўзбекистон бир яхши ўйнаса, кейингисида яхши ўйнай олмайди? Бунга сабаб бор, бу пандемия. Ҳамма бир хил спорт формасида эмас. Жанубий Кореяда чемпионат бир марта тўхтатилди. Ўзбекистонда бир неча бор узилиш бўлди. Янги йилда ҳаммаси изига тушиб, футболчилар барқарор ўйнашни бошлагач, ўйлайманки учинчи босқичга чиқиш муаммо туғдирмайди. Барибир терма жамоамизнинг савияси яхши.
- Жаҳон чемпионатига чиқа олади деб ўйлайсизми?
- Буни вақт кўрсатади. Агар пандемия сабаб чемпионат ўйинлари тўхтатилса, унда бу термага ҳам таъсир қилади ва имкониятларни пасайтиради. Негаки, футболчиларда амалиёт бўлмаса қандай қилиб ғалаба қозона олишади?
- Жанубий Корея Осиёда энг кучлиларидан бири. Терма жамоамиз улар билан ўйнаганда доим ютқазади. Кореяда тўп сураётган легионер сифатида уларнинг футболини энди ичидан яхши биласиз. Айтинг-чи, нима учун доим уларга ютқазаверамиз?
- Яхши савол бердингиз. Жанубий Корея терма жамоаси таркибида камида 7-8 нафари Европанинг кучли чемпионатларида тўп суришади. Ўзининг чемпионатида ўйнашмайди. Бизда Одил Аҳмедов, Элдор Шомуродов, Остон Ўрунов бор-а? Остоннинг “Спартак”даги ўйин амалиёти кам. Одил Аҳмедов Шанхайдан кетиб, бошқа клубга ўтди. Ҳозирги жамоаси зўр эмас. Иккита энг яхши ўйинчимиз сифатида Шомуродов билан Аҳмедовни айтаман. Кореяликларнинг камида 8 та футболчиси Европанинг топ-5 чемпионатларида тўп суришяпти. Бу биринчи сабаб. Мана, Элдор яхши “очилиб” кетди. Ўзимизда бундай ўйнамасди. Россияга кетиб, ўйин сифатида анча яхшиланди. Демак, Россия чемпионати бизникидан беш баробар кучли. Остон Ўруновда ҳам савия ўзгарди. Элдор энди керак бўлса битта вазиятдан гол уриши мумкин. Олдин эса гол уришига 3-4 та имконият ҳам етмасди. Терма жамоамиз ўйинида ҳам гол уришимиз учун барибир 3-4 та имконият керак бўлади. “Тоттенхэм”даги Соннинг ўзига гол уриш учун биргина вазият етарли бўляпти. Эронлик Азмун ҳам шундай. Ўзбекистонлик иқтидорли ёшлар четда кўпроқ ўйнашса, савиямиз ортиб боради. Менга айтинг-чи, Ўзбекистонга охирги 5-6 йил ичида зўр легионер ким келди? Мен эслай олмайман.
- Драган Черан энг яхшиси бўлиб турибди.
- Ҳа, энг зўри Черан, у нечига кирди? Драган бошқа яхшироқ чемпионатга бориб ўйнамайди, бу 100 фоиз. Кучи етмайди. Бу шунчаки факт. Масалан, ўзим ҳам Кореядан яхшироқ чемпионатга тортмайман. Ёшим ҳам ўтиб қоляпти, кучим етмайди.
- Демак, сиз учун Жанубий Корея чемпионати юқори чўққи...
- Худо билади. Ҳаракат қиламан-у, бугунги кунда мен учун бу яхши натижа, айниқса шунақа ёшда Корея чемпионатида тўп суриш қониқарли.
- Чемпионатимиз савияси пастроқлиги сизга яққол кўриняптими?
- Ўзбекистон билан Жанубий Корея чемпионатини таққослаб бўлмайди. Нимагаки, уларни услублари бошқа-бошқа. Масалан, Корея билан Японияники бир хил. Айтайлик, корейсларда техникаси юқори футболчилар унчалик кўп эмас. Ўйлайманки, Осиёда техникаси энг кучли ўйинчилар Ўзбекистонда. Бизникилар Осиё бўйича иккинчи Бразилия.
- Умуман айтганда, Суперлигамиз мавқеи сизга қандай кўриняпти?
- “Пахтакор”га ҳеч ким рақобат қила олмади. Бу савияни билдириб қўяди. “Насаф” қаршилик кўрсатишга уринди, аммо кучи етмади. “Пахтакор” муаммосиз совринларни ютди. Кореяда ҳаттоки бир очко ҳам кўп нарсани ҳал қилиши мумкин. Биринчи ўриндаги клубни 10-поғонадаги жамоа ҳам ютиши мумкин. Мана, биз 6-ўринни олдик, 3-ўриндаги жамоага эса бир очко етмай қолди холос. Барибир Ўзбекистон чемпионатига яхши легионерлар керак, бу менинг фикрим. Мана, БАА чемпионатини олайлик, у ерда маҳаллий футболчилари кучсиз. Фақат яхши савиядаги легионерлари борлиги учун маҳаллий чемпионати яхшироқ кўринади. Бизда эса маҳаллий футболчиларимиз яхши-ю, аммо келаётган легионерлар ўзимиздагилардан кучли эмас. Кореяда легионерлар кучли. Бразилия, Голландиядан зўр футболчилари бор. Осиё Чемпионлар лигасини “Ульсан” ютди. Таркибида кучли легионерлари бор. Бизнинг чемпионатга Ривалдодан кейин зўр легионер келмади. Ривалдо 38 ёшида келганми? Ўшанда ҳам энг кучлиси бўлиб кетди.
Фикрлар