Олимп сари интилган ёшлар!
Ўғил қизларимизнинг жисмоний тарбия ва спортга бўлган қизиқишини ортишида, катта спорт сари дадил қадам ташлашида ва албатта терма жамоаларимиз сафида туриб, халқаро мусобақаларда ғалаба қозониб, Юрт шаънини улуғлашида спорт мактабларининг ўрни беқиёс. Хусусан, узоқ йиллардан буён иқтидорли спортчиларни тайёрлаб, спорт турлари бўйича мамлакат терма жамоларига муносиб номзодларни етказиб бераётган Навоий вилояти Яккакураш спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактабида ҳам юқорида таъкидлаганимиздек, жисмоний тарбия ва спортни янада ривожлантириш, малакали мураббийлар қўл остида шуғулланаётган спортчиларини халқаро мусобақаларда кучли учликдан ўрин олиши бош мақсадлардан саналади.
Хабарингиз бор, 2025 йил пойтахтимизда ўсмирлар ўртасида Осиё ўйинлари ўтиши белгиланган. Ушбу йирик спорт анжуманида муносиб иштирок этиш, қитъанинг “кичик Олимпиадаси”да медаллар билан мухлисларни хушнуд қилиш мураббий ва атлетларимиз олдидаги устувор вазифа ҳисобланади. Жумладан, Ойбек Жуманазаров раҳбарлик қилаётган Навоий вилояти Якка кураш спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактаби жамоаси ҳам бу бўйича ўз чора-тадбирлар режасини ишлаб чиққан ҳамда изчил амалга оширмоқда. Шу боиски, 2025 йилда ўсмирлар ўртасида ўтадиган Осиё ўйинларига пухта тайёргарлик кўриш мақсадида жорий йилнинг февраль ойидан буён вилоят чемпионатларидан сараланган 2008-2009 йилларда туғилган спортчилар иштирокида ЯКСТИСМ спорт мажмуасида малакали мураббийлар қўл остида кураш, дзюдо, самбо, эркин ва юнон рум кураши бўйича ўн беш кунлик ўқув –машғулот йиғинлари узлуксиз тарзда ташкил қилинмоқда.
Навоий вилояти Якка кураш спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактабида айни пайтда спортнинг эркин кураш, юнон-рум кураши, дзюдо, бокс, таэквондо WTF, каратэ, қиличбозлик, оғир атлетика, кураш ва самбо бўйича 1350 нафардан ортиқ йигит –қизлардан иборат спортчилар 77 нафар тажрибали мураббийлар қўл остида машғулотларда қатнашмоқда.
Ушбу Навоий вилояти ЯКСТИСМ спортчиларининг 358 нафари спорт усталигига номзод, 61 нафари спорт устаси ҳамда 8 нафари халқаро тоифадаги спорт устаси экани натижадорлик, самарадорлик яхши эканлигини кўрсатади.
Мазкур ЯКСТИСМда машғулотларга зўр бераётган спортчилар Осиё ва жаҳон чемпионатлари, халқаро мусобақаларда кучлилар қаторидан жой олаётгани эса айни ҳақиқат. Жумладан, яқинда қиличбозлик бўйича Бахрайн давлатида ўтган Осиё чемпионатида навоийлик шпага усталари терма жамоамизга бронза медалини тақдим этди ва медалларга эга бўлганлар қаторида спорт мактаби тарбияланувчиси Мейрхан Тимуров ҳам шоҳ супага кўтарилди.
Ҳозирда қиличбозларимиз Париж Олимпиадаси йўлида ўқув-машғулот йиғинлари ўтказишмоқда. Самбо бўйича жорий йилги мамлакат чемпионатида Маржона Турсунова барча рақибларини мағлуб этиб, терма жамоадаги ўрнини мустаҳкамлади. Энди у жаҳон ва Осиё чемпионатида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.
Мураббий Санъат Раҳимовнинг шогирди Хўжақул Эргашев эса ўсмирлар ўртасида ташкил этилган самбо бўйича республика биринчилигида шоҳсупанинг энг юқорисидан жой эгаллаб, спорт ишқибозларини хушнуд этди.
Шунингдек, Пара дзюдочилар ҳам Пара Осиё ўйинлари ҳамда Паралимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритиш, “татами”да шов-шувли ва матонатли ғалабаларга эришиш йўлида машғулотларда фаоллик кўрсатишмоқда. Масалан, яқинда улар ЯКСТИСМнинг тажрибали мураббийлари Шаҳобиддин Шарипов ҳамда Султон Исоқов бошчилигидаги семинарда спорт тури қоидаларини мукаммал ўзлаштириш бўйича беназир сабоқлар олишди.
Спорт мактабининг умидли тарбияланувчиси, маҳоратли дзюдочи Лазиза Ҳайдарова яқинда Германиянинг “Бремен” шаҳри мезбонлик қилган "Bremen masters" халқаро турнирида 48 кг вазн тоифасида бош мукофотга эришиб, мухлис ва мутахассисларнинг эътиборини ўзига қаратди. Демак, ўзбек спортида яна бир донгдор курашчи юлдуз порлаб чиқмоқда.
Кураш бўйича ўтган катталар ўртасидаги мамлакат кубоги баҳсларида Навоий вилоят якка кураш спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактаби полвонлари ғолибона қатнашишди. Жумладан, 66 кг вазн тоифасида Отабек Ҳасанов олтин, Дилшод Шопўлатов (60 кг) кумуш, Муҳаммад Жумаев (73 кг), Гулина Облоқулова (78 кг), Севара Ҳусенова (87 кг) бронза медалига мушарраф бўлди. Юнон-рум кураши устаси Исломжон Раҳматов катталар ўртасидаги республика саралаш мусобақасида ғолиб бўлиб, Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида ўтадиган Осиё чемпионатида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўлга киритди.
—Спорт мактабимиз раҳбарияти, мутасаддилар бизга барча зарур шарт-шароитларни яратиб бермоқда, —деди суҳбатдошимиз, юнон-рум кураши мураббийси Суҳроб Фаттоев.—Барча спорт турларидан ўқув-машғулот йиғинлари ўтказилмоқда. Жамоаларимиз тақвимдаги мусобақаларда фаол қатнашмоқда. Энг асосийси, барча спорт турларидан ўз олдига катта мақсадлар қўйган фидойи мураббийлар иш олиб боришмоқда. Бу эса эртанги юқори натижалар кафолатидир...
Мураббий тўғри таъкидлади. Навоий вилояти Якка кураш спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактабида ишчан жамоа шаклланган. Шароитлар кўнгилдагидек, мисол тариқасида қўлга киритилаётган юқори натижаларни кўплаб келтириш мумкин. Навоий шаҳрига кўрк бериб турган шинам, кенг ва ёруғ спорт заллари, ундаги қулайликлар фақат ва фақат меҳнат қилиш, кўрсаткичларни янада яхшилашга қаратилган. Демак, навоийлик якка кураш усталаридан жорий йилда яна музаффарият байроғини баланд ҳилпиратиш, халқаро майдонларда Ўзбекистон мадҳиясини ғолибона, баралла куйлаш саодатини кутиб қоламиз.
Фикрлар