Олимпиада вице-чемпионига Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилишга рухсат берилди

Халқаро Олимпия қўмитаси Токио Олимпиадаси кумуш медаль совриндори Анна Пракатеннинг бундан буён халқаро мусобақаларда Ўзбекистон номидан қатнашишига рухсат берди.

Академик эшкак эшиш устаси ҳисобланган Пракатень аслида 1992 йили 6 сентябрда Минск шаҳрида туғилган ва 2016 йилга қадар халқаро майдонда Беларусь терма жамоаси номидан қатнашган. Кейинлик Россия фуқаролигини олган таниқли спортчи яна спорт фуқаролигини ўзгартирди. 2020 йилги Олимпия ўйинларида Анна академик эшкак эшиш бўйича яккалик беллашувларида иккинчи ўринни эгаллади.  

Россия спортчилари сиёсий вазият туфайли халқаро миқёсдаги мусобақаларда четлатилгач, Пракатень 2023 йилнинг апрель ойида Ўзбекистон терма жамоасига ўтгани маълум қилинди. 2023 йилги Осиё ўйинларида Анна терма жамоамиз ҳисобига олтин медаль ҳам келтирди.

Халқаро Олимпия қўмитаси яна бир спортчи – америкалик сузувчи Каи Уинклерни Германия терма жамоасига ўтишига ҳам рухсат берди.

- Халқаро Олимпия қўмитаси Ижроқўми спортчиларни уч йиллик кутиш муддатидан оўод қилиш, уларга Париж Олимпиадасида ариза киритган Миллий Олимпия қўмиталари вакили сифатида иштирок этиш ҳуқуқини тасдиқлаш ҳақидаги илтимосини қондиришга қарор қилди, - дейилади Халқаро Олимпия қўмитаси вакили Кристиан Клауэ берган баёнотда.

Париж Олимпиадаси 26 июлдан 11 августга қадар бўлиб ўтади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!