"Олимпик" бош мураббийи Тимур Кападзе: Таркибимизга 25 та футболчини жалб этдик

Хабарингиз бор, бугун пойтахтимиздаги "Tashkent International" меҳмонхонасида Про-лига 2021 йилги мавсумига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Унда нуфуз жиҳатидан мамлакатимизда иккинчи ўринда турувчи лига қатнашчилари 1-турдаги рақиблари ва мавсум тақвимини билиб олди. 

Маросимдан сўнг, янги ташкил этилган "Олимпик" клубининг бош мураббийи Тимур Кападзенинг фикрлари билан қизиқдик:

"Кўриб турганингиздек, қуръа жараёни ажойиб тарзда ўтди. Тўғри, ҳаяжон билан кутаётгандик: ким тушар экан, қандай бўлар экан, қачон бошланар экан... Бугун "Нефтчи" билан сафарда ўйнашимизни билиб олдик. "Нефтчи" Про-лига чемпионлиги учун ҳам анча катта даъвогарлардан бири ва трансферлар ойнасида ҳам энг фаоллар қаторида бўлди. Ўртоқлик учрашувида ўзаро ўйнаб кўрдик. Албатта, бу ёшлар учун яхшигина синов бўлади, айниқса, илк турни меҳмонда ўтказамиз. Ўйлайманки, яхши тайёргарлик кўрамиз. 

Албатта, жамоамизда таркиб шаклланиб бўлган. Бугун трансферлар ойнасининг охирги куни. 25 та футболчи билан таркибни тўлдирдик. Ҳаракат қилишда давом этамиз, камчиликлар йўқ эмас. Жамоамизда кўпчилиги катта футболда ўзини синаб кўрмаган болалар тўпланган. Руҳий томондан ўзларини тўғри тайёрлай олсалар, йигитларимиз кўп нарсаларга қодир. Бунақа ўйинлар ёшларни футболчи сифатида улғайтиради, пишитади. Мақсадимиз ҳам шу: ёшларнинг катта футбол ҳавосидан баҳраманд бўлишига имкон яратиш", - деди Кападзе. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!