Олий Лига клублари вакилларига Mycujoo.tv сайтида трансляция қилиш жараёни бўйича семинар ўтказилди

 

Ўзбекистон Футбол Федерацияси Осиё Футбол Конфедерацияси ҳамда Швейцариянинг “Empower Sports” компанияси билан ҳамкорликда янги лойиҳани амалга ошириш борасида шартнома имзолагани ҳақида хабар берилганди.

Келишувга кўра, иккинчи даврадан бошлаб Ўзбекистон чемпионати Олий Лига учрашувларининг тўғридан-тўғри трансляциялари “Empower Sports” компаниясига тегишли Mycujoo.tv сайтида, Олий Лига клублари расмий сайтлари, ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларида бир пайтнинг ўзида трансляция қилинади.

Шу муносабат билан 23–24 июль кунлари Тошкентдаги Raddison Blu Hotel меҳмонхонасида Олий Лига иштирокчи жамоалари вакиллари учун махсус семинар-устахона ташкил этилди. Семинар “Empower Sports” компанияси вакиллари Диего  Компаире ва Даниэль Портабелла томонидан олиб борилди.

Унда Швейцария компаниясининг махсус интернет-платформаси бўлган Mycujoo.tv сайтида футбол ўйинларини қай тариқа жонли эфирга узатиш борасида тушунтириш ишлари олиб борилди.

Семинар якунида ЎФФ бош котиби Сардор Раҳматуллаев сўзга чиқиб, бошланган ҳамкорлик Ўзбекистон футболи ривожланишига катта ҳисса қўшишини таъкидлади. ЎзПФЛ бош директори Фарҳод Магаметов Ўзбекистонга ташриф буюриб, ўз маҳорати билан бўлишган меҳмонларга миннатдорчилик билдирди ва эсдалик совғаларини топширди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!