Олмалиқда марказий ўйин. "Навбаҳор" учун яна бир имтиҳон
Coca Cola Суперлига 13-тури доирасида “Навбаҳор” сафарда Олмалиқнинг АГМК клубига қарши майдонга тушади.
Мазкур рақиблар шу кунга қадар миллий чемпионатларимизда 28 марта куч синашишган. Ўзаро ўйинларда олмалиқликлар 12 марта, наманганликлар эса 7 марта зафар қучишган. Тўққизта учрашувда эса кучлар тенг келган. Тўплар нисбатидаги кўрсаткич 37:34, АГМК фойдасига.
Ўзаро ўйинларда олмалиқликлар 45 очкони, “лочинлар” эса 30 очкони қўлга киритишган.
Жамоаларнинг ўзаро учрашувлари тарихига назар ташлайдиган бўлсак, Суперлига (олий лига)даги қарама-қаршиликка 2008 йилда асос солинган. Ўша йили Наманганда ўтказилган дастлабки учрашувда наманганликлар 2:0 ҳисобида зафар қучишганди. Олмалиқдаги жавоб ўйинида эса жамоалар дурангга имзо чекканди – 1:1.
Мазкур жамоаларнинг Олмалиқда ўтказилган баҳсларига назар ташлайдиган бўлсак, 14 та баҳснинг 8 тасида мезбонлар ғалаба нашидасини суришган бўлса, жамоамиз 3 марта зафар қучган. Учта учрашувда эса томонлар муроса кўчасини танлашган. Тўплар нисбатидаги кўрсаткич 23:18, АГМК фойдасига.
Эслатиб ўтамиз, АГМК – “Навбаҳор” учрашуви 1 июль куни Олмалиқдаги ОКМК СМда соат 20:00 да старт олади.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.
Фикрлар