"Олтин тўп"ни қўлга киритган Мессига жой топилмаган ЕЧЛ гуруҳ босқичининг рамзий жамоаси билан танишинг!

Европа Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичи ўз якунига етди. Шу боис, унинг якунлари борасида фикр юритишнинг айни пайти. SPORTS.uz ЕЧЛ гуруҳ босқичидаги энг яхши футболчилардан ташкил топган ўз рамзий жамоасини эътиборингизга ҳавола этади.

Дарвозабон:

Тибо Куртуа («Реал»; Бельгия).

1

"Реал" аввалгидек рақибларидан бир бош баланд футбол кўрсатмаяпти. Шунингдек, ҳимоя чизиғида ҳам муаммолар етарлича топилади, аммо ортда қолган 6 ўйинда жамоа ўз дарвозасидан атиги 6 гол олиб чиқди холос. "Бавария" посбони Мануэль Нойер бир ўйинда ўртача 1,8 бор сейв амалга оширган бўлса, бу кўрсаткич бельгиялик дарвозабонда 3,7 га тенг!

Ҳимоячилар:

Расмус Кристенсен («Зальцбург»; Дания).

2

Дания терма жамоаси сафида Еврода иштирок этмаган бўлса ҳам, кузда чақирув олишга муваффақ бўлди. Жисмонан бақувват ва ҳаракатчан ҳимоячи қанот мудофаасида анча ишончли кўринмоқда. У Австрия чемпионатида доимий гол уриб келаётгани муҳим эмас. Асосийси, ЕЧЛ баҳсларида чинакам ўтиб бўлмас қояга айлана олди;

Себастьян Коатес («Спортинг»; Уругвай).

3

Португал клуби Коатес билан ва у сиз батамом икки хил жамоа. Клуб сардори майдонда бўлган 4 ўйинда "шерлар" атиги 3 гол ўтказиб, 9 очко жамғаришга муваффақ бўлди. У ўйнаманга 2 учрашувда "Спортинг" ўз дарвозасидан нақд 9 та тўп олиб чиқди. Себастьянни ўз вақтида "Ливерпуль" Уругвайдан Англияга олиб келган, аммо АПЛнинг интенсив футболида қаҳрамонимиз "йўқолиб" қолган эди;

Дайо Упамекано («Бавария»; Франция).

4

Юлиан Нагельсманн билан биргаликда "Бавария"га кўчиб ўтган ҳимоячи мослашув жараёни учун кутилганидан кўпроқ вақт сарфлаб юборгани рост. Эндигина 23 ёшга қадам қўйганига қарамай, ҳимоячи майдонда тажрибали футболчилардек фикр юритади. Совуққонлиги боис, кўплаб яккакурашларда рақибларга имкон қолдирмаяпти;

Жоау Конселу («Манчестер Сити»; Португалия).

5

Аслида, "Сити" сафидаги бирор бир футболчини алоҳида эътироф этиш жуда мушкул. Сабаби, жамоанинг асосий қуроли унинг соатдек ишлайдиган ўйин механизми! Шунга қарамай, Конселунинг сўнгги пайтларда супер формада эканлигига тўхталмасликнинг имкони йўқ. Ҳимоячи 2 гол ва 3 ассистни ўз ҳисобига ёзиб қўйган.

Яримҳимоячилар:

Жордан Хендерсон («Ливерпуль»; Англия).

6

"Ливепруль" ушбу мавсум ЕЧЛ гуруҳ босқичидаги 6 ўйиннинг барчасида ғалаба қозонган биринчи инглиз клубига айланди. 1 турдаги илк ўйин ёдингиздами? "Милан"га қарши учрашувдаги (3:2) ҳал қилувчи голни айнан Жордан киритган эди. У қолган 5 ўйинда бошқа гол киритмади, аммо чинакам сардорлар сингари жамоадошларини руҳлантиришни уддалади. Клоппнинг "Ливерпуль"ини марказини Хендерсонсиз тасаввур қилиш мушкул;

Марцело Брозович («Интер»; Хорватия).

7

"Интер" сўнгги 4 уринишдан сўнг, плей-офф йўлланмасини қўлга киритди. Мазкур натижада хорватиялик ярим ҳимоячининг ўрни беқиёс. У амалга оширган узатмаларнинг 92 фоизи манзилига аниқ етиб борган. Бундан ташқари, қаҳрамонимиз майдон марказидаги прессинг ва яккакурашлардаги кўрсаткичлар борасида ҳам "Интер"нинг гуруҳ босқичидаги энг яхши футболчиси бўлибди;

Қанот ҳужумчилари:

Муҳаммад Салоҳ(«Ливерпуль»; Миср).

8

Салоҳ айни дамда АПЛнинг энг сермаҳсул футболчиси бўлибгина қолмай, халқаро аренада ҳам барқарор ўйин кўрсатмоқда. Гуруҳ босқичидаги 6 ўйинда 7 гол! Унинг ёрдамисиз "Ливерпуль" осонлик билан 18 очкони жамғара олмас эди!

Криштиану Роналду («Манчестер Юнайтед»; Португалия)

9

Салоҳнинг голлари "Ливерпуль"га ёрдам берган бўлса, Роналдунинг аниқ зарбалари "Манчестер Юнайтед"ни плей-оффга "қулоғидан" тортиб олиб чиқди. Кришнинг 6 голи 3 ғалаба ва "Аталанта"га қарши ўйиндаги дурангни таъминлади. Бошқарувдаги инқироз ва мураббийлар ўзгаришига қарамай, португалиялик юлдуз ўз даражасини яна бир бор бутун дунёга кўрсатиб қўйди.

Марказий ҳужумчилар:

Роберт Левандовски («Бавария»; Польша).

10

"Олтин тўп"га лойиқ кўрилмаган Роберт гуруҳ босқичини 9+2 очко билан якунлади. "Бавария" эса, гуруҳдаги 6 ўйинда 22 гол киритиб турнирдаги энг яхши кўрсатгични қайд этди. Ушбу голларнинг 50 фоизи Левандовскига тегишли эканлигини ўзи полякка ортиқча таъриф бериш шарт эмаслигидан далолат!

Себастьян Аллер («Аякс»; Кот-дИвуар).

11

Бунга ишониш қийин, аммо баҳорга қадар чемпионлар лигасининг жорий мавсумидаги тўпурари "Аякс" форварди Себастьян Аллер бўлди! У 10 бор рақиб дарвозасини аниқ нишонга олди. Бундан ташқари, ҳужумчи 6 ўйиннинг ҳаммасида ўз ҳисобига гол ёзиб қўйди. Ваҳоланки, бу унинг фаолиятидаги Европа чемпионлар лигасидаги дебют мавсум.

Мураббий:

Юрий Вернидуб («Шериф»; Молдовия).

12

У бошқарувидаги жамоа гуруҳ босқичида қолиб кетганига қарамай, "Шериф" яхшигина шов-шув кўтаришни уддалади. Жасур Яхшибоев тўп сураётган клуб 7 очко билан якунда Европа лигаси йўлланмасига эга чиқди. Энг муҳими Юрий Вернидуб ЕЧЛга Молдовия клубини олиб чиққан биринчи мураббий сифатида тарихда абадий қолади!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!