Оқ уйнинг ЖЧ-2026 бўйича вакили Эронга қўйилган чекловлар ҳақида гапирди

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

АҚШда 2026 йилги жаҳон чемпионатида Эрон терма жамоаси учун жорий этилган чекловлар юзасидан расмий изоҳ берилди.

Reuters хабар беришича, Эрон томони ФИФАга расмий шикоят киритиш ниятида бўлишига қарамай, ҳозирча аввалги режа ўзгаришсиз қолмоқда.

Эрон делегацияси жамоа ҳаракатланишига қўйилган чекловлардан норози. Амалдаги қоидага кўра, терма жамоа ўйинлар ўтказиладиган шаҳарга беллашув бошланишидан кўпи билан 24 соат олдин етиб келиши мумкин. Ҳар бир учрашувдан сўнг эса жамоа дарҳол Мексикадаги Тихуана шаҳрида жойлашган машғулот базасига қайтиши шарт.

Эрон терма жамоаси бош мураббийи Амир Галенои аввалроқ ўз жамоасини «бутун жаҳон чемпионатидаги энг камситилган терма» деб атаган эди.

АҚШ Оқ уйи ҳузуридаги 2026 йилги жаҳон чемпионати бўйича ишчи гуруҳ ижрочи директори Эндрю Джулиани вазиятни «ҳаракатдаги жараён» сифатида баҳолади.

«Вазият доимий равишда ўзгариб турибди. Ҳозир бизда амал қилаётган режа бор. Эртага, Бельгияга қарши ўйиндан кейин, улар 27 дақиқалик парвоз орқали яна Тихуанага қайтишади.

Иккинчи ўйин қандай ўтишига қараб кузатамиз, шундан сўнг Сиэтлдаги учинчи беллашув учун вазият қандай бўлиши юзасидан алоҳида муҳокамалар ўтказилади», – деди Джулиани.

У шунингдек, амалга оширилаётган чораларни ҳимоя қилди ва Эрон базасини Тусондан Тихуанага кўчириш жамоа учун парвоз вақтларини қисқартирганини қайд этди.

«Тусондан Тихуанага кўчиш, деб ўйлайманки, барча томонлар учун тўғри қарор бўлди. Бу, албатта, уларнинг Лос-Анжелесга парвоз вақтига ҳам таъсир қилади. Энди уларнинг рейси Тусондан учишга қараганда бир соатга қисқа. Лос-Анжелесдаги биринчи ўйин қандай ўтганидан мамнунмиз.

Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, барча футболчилар виза олди. Барча мураббийлар ҳам визага эга. Жамоа таркибидаги айрим расмий шахсларга эса виза берилмади, чунки улар ҳақида салбий маълумотларга дуч келдик. Биз айтаётган мувозанат мана шу», – дея қўшимча қилди Джулиани.

Унинг сўзларига кўра, АҚШнинг асосий мақсади – мамлакат манфаатлари ва мусобақага келаётган халқаро меҳмонларни ҳимоя қилиш.

«Биз жуда юқори даражадаги футбол турнири ўтказишни истаймиз. Одамлар ўзини кутилган меҳмондай ҳис қилсин, жаҳон чемпионатидан завқ олсин. Бироқ шу билан бирга биз фақат америкалик фуқароларни эмас, бу ерга келаётган барча халқаро меҳмонларни ҳам ҳимоя қилишимиз керак.

Йил бошидан буён разведка хизматларимиз бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларини уч баробар оширди, десам муболаға бўлмайди. Бу масалани ҳар соат муҳокама қиламиз. Ҳозирча аниқ ва ишончли хавф-хатарлар қайд этилмаган», – деди Оқ уй вакили.

Эрон терма жамоаси якшанба куни Лос-Анжелесда Бельгияга қарши майдонга тушади. Гуруҳ босқичидаги учинчи учрашув жума куни Сиэтл шаҳрида Миср терма жамоасига қарши ўтказилади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!