Орадан 412 кун ўтиб дзюдочиларимиз хорижий Гран-прида ғолиб бўлишди
Хабар бериб ўтганимиздек, кеча Марокашнинг Марракеш шаҳрида дзюдо бўйича Гран-при сериясига кирувчи мусобақанинг биринчи куни якунланди. Терма жамоамиз учун омадли кечган бу кунда йигитларимиз 2 та олтин медални қўлга киритишди.
Дзюдочиларимизнинг сўнгги бор хорижда қўлга киритган ғалабаси 2018 йил январь ойига тўғри келиб, Тунисда ўтган Гран-прида шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилишган эди. Ўшанда -66 кг вазн тоифасида Шаҳрам Аҳадов олтин медаль эгасига айланган.
Орадан 412 кун ўтиб, аниқроғи, кеча Шарофиддан Лутфуллаев ва Сардор Нуруллаев вакилларимизнинг хорижий мусобақадаги бундай омадсизлигига барҳам беришди. Полвонларимиз шунча кундан бери Халқаро дзюдо федерацияси байроғи остида ўтадиган Гран-при, Катта дубулға, Мастерс ва жаҳон чемпионати каби мусобақаларда олтин медални қўлга кирита олишмаётган эди. Умид қиламизки, буёғига мухлисларимиз дзюдочиларимизнинг ғалабасини бунчалик узоқ вақт кутиб қолишмайди.
Маълумот учун, ноябрь ойида Ҳикматилло Тўраевнинг қўлга киритган ғалабаси Тошкент Гран-присида бўлгани учун хориждаги турнирлар ҳисоблаб чиқилди.
Фикрлар