Ўрунов жамоасини премьер-лигада олиб қололмади!
Остон Ўрунов ижара асосида ўйнаган “Уфа” премьер-лигани тарк этди. Бошқирдистон клуби премьер-лигани 14-ўринда якунлаб, юқори дивизионда қолиш учун Миллий футбол лигасида учинчи ўринни эгаллаган “Оренбург” билан ўтиш плей-оффида куч синашди.
“Оренбург” майдонида бўлган дастлабки баҳсда уфаликлар икки тўп фарқи билан олдинда борганига қарамай, 2:2 ҳисобида дуранг қайд этди. Бу беллашувда сариқ карточкалари кўпайиб кетган Остон Ўрунов қатнашмади.
Уфадаги жавоб учрашувида Остон Ўрунов тўлиқ ўйнади. Майдонда энг фаол ўйинчилардан бири сифатида легионеримиз жамоадошларининг гол уриши учун бир неча марта хавфли вазиятлар яратиб берди.
Мазкур баҳсда биринчи бўлиб, оренбургликлар вакили Жоэль Фамейе ҳисобни очди. Мезбонлар биринчи бўлим охирида Юрий Журавлёвнинг аниқ зарбаси эвазига вазиятни тенглаштирганди. Бироқ, ўйин якунланиши арафасида ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда Андрей Малих “Уфа” дарвозасини ишғол қилиб, “Оренбург”га ғалаба келтирди ва жамоасини премьер-лигага олиб чиқди.
“Уфа” келаси мавсумни қуйи лигада ўтказади. Остон Ўрунов ижара муддати тугагани учун “Спартак”га қайтиб боради ва ўзига янги жамоа топиши керак бўлади.
Фикрлар