Ўрунов “Спартак”да қоладиган кўринади. Остон учрашувнинг энг зўр ўйинчиси бўлди!

Бирлашган Араб Амирликларида ўқув-машғулот йиғинини олиб бораётган “Спартак” навбатдаги ўртоқлик учрашувида Беларусь чемпиони “Шахтёр” билан куч синашди. Биз учун қизиғи эса, ҳар икки жамоа таркибида ўзбек футболчилари – Остон Ўрунов ва Шаҳзод Убайдуллаевнинг борлиги бўлди.

Учрашувда москваликлар 2:1 ҳисобида иродали ғалабага эришди. “Спартак” таркибида ишончли ўйин намойиш этган Остон Ўрунов бутун учрашувда тўлиқ ҳаракат қилган икки футболчидан бири бўлди.

- “Спартак” учрашувнинг катта қисмида ҳужум уюштиришда муаммоларга дуч келди. Остон Ўрунов рақиб дарвозасига хавф солган ягона футболчи сифатида гавдаланди. Ҳа, у гол ура олмади, лекин хавфли ҳужумлар билан ажралиб тургани ҳам бир натижа. Ўрунов баҳсни тўлиқ ўтказди ва ёмон ўйнамади. Унинг ўйини футболчини ижара ёки трансфердан қутқарадими ёки йўқ, буни билмадик-ку, лекин Остон бош мураббий Доменико Тедеско берган топшириқларнинг ҳаммасини маҳорат билан уддалади. Иккинчи бўлимда майдонга ўйинга туширилган футболчилардан фақатгина Айртон жамоа ўйинини бироз кучайтира олди холос, - деб ёзади Остон Ўруновни учрашувнинг энг яхши футболчиси, деб топган football.kulichki.net сайти.

“Шахтёр” вакили Шаҳзрд Убайдуллаев учрашувнинг 87-дақиқасида ўйинга қўшилди ва ўзига ажратилган бир неча дақиқа ичида бор имкониятини кўрсата олмади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!