Ўрунов “Спартак”га қайтади! Кейинчи?..

“Спартак” билан узоқ муддатли шартномага эга легионеримиз Остон Ўруновга Россия премьер-лигасидаги фаолиятини давом эттириш имконини бериб келган “Уфа” ўтиш плей-оффида Миллий футбол лигаси вакили “Оренбург”га имкониятни бой бериб, қуйи лигага тушиб кетди.

Ҳал қилувчи беллашувда фаол ўйнаган ҳужумкор футболчимиз жамоасини қутқариб қола олмади. Остоннинг уфаликлар билан ижара шартномаси 30 июнь куни якунланади. Табиийки, Ўрунов кейинги икки мавсумда ўзига бошпана берган клубни тарк этишга мажбур.

“Спартак” ва “Уфа” клублари ўртасидаги келишувга кўра, бошқирдистонликларда ўзбекистонлик легионерни мавсум охирида тўлиқ ўз сафига ўтказиш ҳуқуқи бор эди. Бунинг учун “Уфа” пойтахт клубига бир миллион евро тўлаши белгиланган.

18058979_192_216_1744_1089_600x0_80_0_0_aee37e5b1a800dcff9db550c455e04f0

Бироқ, “Уфа” бош директори Шамиль Газизов ўзбек футболчисининг трансферини амалга ошириш учун жамоа премьер-лигадаги жойини сақлаб қолиши шартлиги, Миллий футбол лигасига тушиб кетса, Ўрунов трансфери учун талаб қилинган маблағни жамлай олмаслигини таъкидлаган эди.

Охир-оқибат, “Уфа” раҳбарияти қўрққан вазият юз берди ва жамоа премьер-лигасидаги ўрнини аламли тарзда бой берди.  Энди Миллий футбол лигасида қатнашадиган клуб бюджети кескин камайтирилади. Улар Остон Ўруновнинг маошини ҳам, “Спартак”га тўланиши керак бўлган бадал пулини ҳам кўтара олмайди.

Россия футболини кенг ёритиб келаётган манба –  matchtv.ru сайти ўз инсайдерларига таяниб хабар тарқатишича, Остон Ўрунов тез орада “Спартак”га қайтади. Чунки, футболчининг клуб билан яна уч йил давом этадиган битими бор.

Аввалроқ, Россия оммавий ахборот воситалари “Спартак” клуби раҳбарияти ёзда таркибни қайта кўриб чиқиши ва мураббийлар штаби жорий мавсумни ижарада ўтказаётган барча легионерлардан воз кечиш бўйича бир қарорга келиб бўлгани ёзилганди.

“Матч ТВ”нинг маълум қилишича, ёзда “Спартак” таркибига ўн нафарга яқин футболчи ижарадан қайтади. Булар ҳимоячи Илья Гапонов (Россия), ярим ҳимоячилар Остон Ўрунов (Ўзбекистон), Гус Тиль ва Йоррит Хендрикс (Нидерландия), Алекс Крал (Чехия), Максим Глушенков (Россия), ҳужумчилар Эсекель Понсе (Аргентина), Педро Роша (Бразилия) ва Жордан Ларссон (Швеция). Юқоридаги рўйхатга тушган легионерларнинг аксарияти нуфузли жамоаларда ўйнамоқда. Хусусан, Крал “Вест Хэм”да, Понсе “Кадис”да, Роша “Атлетико Паранаэнсе”да, Ларссон АИКда, Тиль ва Хендрикс “Фейеноорд”да асосий таркиб ўйинчиларидан ҳисобланади. Уларнинг бирортасида фаолиятини “Спартак”да давом эттириш мақсади йўқ.

Чунки Россия футболига УЕФА томонидан қўлланилаётган сакнциялар легионерлар масаласини энг оғриқли муаммога айлантирди.

“Спартак”нинг европалик легионерлар бўйича сиёсати маълум. Бироқ, Остон Ўрунов улар қаторига кирмайди. Ҳамюртимиз “Спартак”га қайтгани билан ўзига бошқа жамоа топиши керак бўлади. Агар унга харидор чиқмаса ёки яна ижарага оладиган клуб топилмаса, энг охирги вариант сифатида клуб Остонни Миллий футбол лигасидаги ўринбосарлар таркибига юборади.

Бошқа томондан, санкциялар туфайли юзага келган вазият Ўруновнинг фойдасига ишлаши, “Спартак” унга асосий жамоадан жой бермаган тақдирда ҳам, премьер-лиганинг бошқа клублари 21 ёшли ўйинчига имкон бериши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Ҳар ҳолда Ўрунов жароҳатларидан қутилганидан кейин “Уфа”нинг сўнгги ўйинларида аввалги спорт формасини тиклаб олганини намойиш қилиб, анча юқори савияда тўп тепди.

1633097344_photo_2021-10-01_17-08-12

Умумий ҳисобда, Ўрунов якунланган мавсумда жами 17та ўйинда майдонга тушди. Энди ўзи тиклаб олганда эса, чемпионат тугаб қолди.

Энда ҳамма умид янги мавсумдан. Ёзда футболчимиз фаолиятида ўзгариш бўлиши аниқ. Янгилик кутамиз...

Шомуродов жамоаси Конференциялар лигасидаги ғалаба учун қанча пул олади?

Бирортанг Шомуродовга етолмадингку!

“Спартак” Ўруновни суҳбатга чорлади. Мақсад аниқ!

Легионеримиз: Мураббий мен билан гаплашмай қўйди!

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!