“Ошни дамлаганлар четда қолиб, ҳамма айбни Спорт каналига осиб қўйишади” Трансляцияси масаласи нима бўляпти?
СПОРТ ТВ журналисти ва шарҳловчи – Отабек Жўраев ўз телеграм каналида ОЧЛ трансляцияси масаласига оид пост қолдирди. Унга кўра, воқеалар ривожи шу темпда борса, ўйинлар телеканаллар орқали намойиш этилмаслиги ҳам ҳеч гап эмас.
“Демак, "Осиё чемпионлар лигаси Ўзбекистонда" сериалининг навбатдаги қисми
Ўзбекистоннинг хусусий телеканали ўйинларни трансляция қилишдан бош тортганидан сўнг, бу ҳуқуқларни Ўзбекистонга сотган компания Спорт телеканали билан алоқага чиқиб, жорий мавсумдаги ОЧЛ ҳуқуқини сотиб олишни таклиф қилди. Энг қизиғи, улар ушбу мавсум учун битта турнир учун ҳуқуқларни таклиф қилишди-ку, суммани эса олдинги 4 мавсумдаги барча турнирлар учун сўрашди. Яъни емаган сомсага пулни биз тўлашимиз керак экан. Кулгили
Аммо бу муаммонинг ярми
Қўшимчасига биз Ўзбекистондаги тўртта стадиондан ўз имкониятларимиздан келиб чиқиб эмас, балки ОФК талабларидан келиб чиққан ҳолда маҳаллий трансляцияларни тақдим этишимиз лозим. Ва бу биздагидан кўра кўпроқ камералар ва уларнинг барчаси ҲД форматда, ВАР тизими ва бошқа техник талаблар. Яъни биз ўзаро суммани келишиб олсак ҳам, ишончим комилки, ҳуқуқ эгаси миқдорни камайтирарди, аммо техник жиҳатдан қисқа вақт ичида биз керакли телевизион тасвирни яратиш имконига эга эмасмиз
Натижада, ҳуқуқ эгаларининг ўзлари телевизион расм яратиш билан шуғулланишлари кераклиги маълум бўлди. Ва биласизми энди нима бўлди? Ўзбекистонга сотаётган трансляция ҳуқуқларининг оралиқ эгаси (воситачи) “телекартинк”ни тайёрлашдан бош тортди ва ҳуқуқларнинг асосий эгасига жарима тўлашга тайёр. Бу уларга анча арзонроққа айланади
Уёғи нима бўларкин, а?
Буни аниқ билмайман. Олдин ёзганимдек, фақатгина ижобий натижага умид қиламиз. Аммо ҳозиргина аниқ айтишим мумкин, агарда, мабодо Ўзбекистон томошабинлари футболсиз қолса, ошни дамлаганлар четда қолади, ҳамма айблар эса одатдагидек Спорт ТВ га осиб қўйишади. Жавоб”
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ УзРепорт канали ОЧЛ баҳсларини жонли намойиш этмоқчи эмаслиги борасида хабар берган эдик. Воқеалар ривожини SPORTS.uz билан кузатиб боринг.
Фикрлар