Осиё чемпионатига йўлланма олган Ўзбекистон футзал терма жамоасига пул мукофотлари топширилди
Хабарингиз бор, 23-25 октябрь кунлари Эроннинг Урмия шаҳрида футзал бўйича Осиё чемпионати-2020 саралаш баҳслари ўтказилди.
Гуруҳда Афғонистон, Непал ҳамда Тожикистон терма жамоалари билан баҳс олиб борган Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳар учала ўйинда ҳам ғалаба қозониб, гуруҳда 1-ўринни эгаллади ва келаси йили Туркманистонда бўлиб ўтадиган футзал бўйича Осиё чемпионати финал босқичи йўлланмасини қўлга киритди.
Бугун Ўзбекистон футбол ассоциациясида ЎФА раҳбарияти футзал бўйича миллий терма жамоамиз аъзолари билан учрашди. Унда ОФКнинг Футзал ҳамда соҳил футболи бўйича қўмитаси аъзоси Жаҳонгир Усмонов, ЎФА Биринчи вице-президенти Равшан Эрматов, ЎФА Бош котиби Аваз Максумов, футбол бўйича миллий терма жамоа бош мураббийи Вадим Абрамов, терма жамоалар бўлими бошлиғи Азизбек Ҳайдаров иштирок этди. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар берди.
ОФКнинг Футзал ҳамда соҳил футболи бўйича қўмитаси аъзоси ҳисобланадиган Жаҳонгир Усмонов футзал бўйича терма жамоамиз аъзоларини улар олдига қўйилган дастлабки вазифа – қитъа чемпионатига чиқиш масаласи муваффақиятли амалга оширилгани билан табриклади ва терма жамоамиздан мухлислар ҳамиша юқори натижаларни кутишини таъкидлаб ўтди.
Равшан Эрматов саралаш баҳсларини 1-ўринда якунлаган терма жамоамиз аъзоларини қутлар экан, энди олдинда Туркманистонда бўлиб ўтадиган футзал бўйича Осиё чемпионати финал босқичига муносиб ҳозирлик олиб бориш лозим эканини, бунинг учун ЎФА томонидан барча шарт-шароитлар яратиб берилишини таъкидлади. Қитъамизда аввалдан етакчилар қаторида эътироф этиб келинган футзал бўйича терма жамоамиз Осиё чемпионатида ҳам совриндорлар қаторидан ўрин олиши ва Жаҳон чемпионати йўлланмаси қўлга киртилиши олдиндаги асосий вазифа экани қайд этилди.
Ўз навбатида Ўзбекистон миллий терма жамоаси устози Баҳодир Аҳмедов, шунингдек, маҳоратли дарвозабон Рустам Умаров ҳам сўзга чиқиб, ассоциация томонидан футзалчиларимизга қаратилаётган эътибордан мамнун эканликларини билдиришди.
Футзал бўйича миллий терма жамоамизда авлодлар алмашинуви жараёни кетаётганини таъкидлаган Баҳодир Аҳмедов саралаш босқичида бир қатор ёш ва истеъдодли футзалчиларга имкон берилгани, эндиликда мана шу ёшлар ва маҳоратли футзалчилардан иборат таркиб билан қитъа чемпионатида ҳам муносиб иштирок этишга ҳаракат қилишларини айтиб ўтди.
Қизғин суҳбат тарзида ҳамда илиқ руҳда кечган учрашув якунида футзал бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоларига саралаш баҳсларидаги муваффақиятли иштирок учун пул мукофотлари топширилди.
Фикрлар