Осиё ўйинлари - 2026: Қозоғистон ва Ўзбекистонни битта олтин медаль ажратиб турибди
Ўзбекистон терма жамоаси 2026 йилги ёзги Осиё ўйинлари медаллар жадвалида олтинчи кун якунларига кўра Қозоғистондан бир поғона пастда бормоқда.
Кун давомида ўзбекистонлик спортчилар жами бешта медални қўлга киритишди: бир олтин, уч кумуш ва бир бронза. Енгил атлетиканинг босқон улоқтириш турида Суҳроб Хўжаев 74,38 метрлик натижа қайд этиб, Осиё ўйинлари чемпионига айланди.
Кумуш медаллар қуйидаги спортчилар ҳиссасига тўғри келди: каноэ бўйича Владлен Денисов, шунингдек, Шохсанам Шерзодова – Нилуфар Зокирова жуфтлиги. Байдаркада эшкак эшиш бўйича аёллар терма жамоаси – Екатерина Шубина, Арина Танатмишева, Милана Душев-Янич ва Шаҳризода Мавлоновадан иборат квартет ҳам иккинчи ўринни эгаллади. Параллел қўлтиқларда бажарилган машқлар бўйича гимнаст Расулжон Абдураҳимов бронза медалига сазовор бўлди.
Шу тариқа Ўзбекистон терма жамоасининг жамғармасида 31 та медаль тўпланди: етти олтин, 15 кумуш ва тўққиз бронза. Жамоа умумий ҳисобда бешинчи ўринни эгаллаб турибди, бир поғона юқорироқда жойлашган Қозоғистондан эса энг нуфузли – олтин медаллар сони бўйича орқада қолмоқда.
Қозоғистон ҳисобида ҳозирча 30 та медаль бор: саккиз олтин, саккиз кумуш ва 14 бронза. Шунингдек, Ўзбекистон умумий медаллар сони бўйича қўшни давлатни ортда қолдирган, бироқ олтин медаллар бўйича бирта кам натижа қайд этган.

Фикрлар