"Ота-онаси Ҳожимат Эркиновга жуда яхши тарбия берган, у ўта тезкор, Ўзбекистондан таклиф бўлса муҳокама қиламиз". Россиялик Александр Бородюк SPORTS.UZ учун интервью берди

Россиялик кўзга кўринган мутахассислардан бири Александр Бородюк ҳам ўзбек мухлисларига яхши таниш. Айниқса, ёши улуғ ишқибозлар у ҳақида кўпроқ маълумотларга эгалар. Ўз вақтида Гус Хиддинк ҳамда Дик Адвокат билан Россия терма жамоасида бирга ишлаган.

Унинг охирги иш жойи Москванинг “Торпедо” клуби эди. Жамоани қуйи дивизиондан премьер-лигага олиб чиққани ёдингизда бўлса керак. Мавсум аввалида ўз жамоасига “Пахтакор”дан Ҳожимат Эркиновни трансфер қилишганди ва бунда Бородюкнинг ҳам ҳиссаси бор эди.

Бироқ Александр Генрихович натижалар ижобий кўриниш олмагач, истеъфога чиқишга мажбур бўлди. Ўзбек футболидан ҳам яхши хабардор бўлган мураббий ҳозирча бирор клубда иш бошлагани йўқ. Куни кеча Sports.uz журналисти Шуҳратбек Жўраев Бородюк билан алоқага чиқди.

- Александр Генрихович, жаҳон чемпионатининг финали мана шундай кечиши мумкинлигини кутганмидингиз? Сизда қандай таассуротлар қолди?

- Ҳа, бу жуда муносиб финал бўлди. Иккала жамоа ўзининг энг яхши жиҳатларини намойиш этди. Финал жуда ажойиб руҳда ўтди.

бородюк9

- Аргентина терма жамоасининг чемпион бўлиши мумкинлигини кутганмидингиз?

- Финалда ким ютиши мумкинлигини олдиндан тахмин қилиш ўта қийин иш. Иккала жамоа ўзининг яхши жиҳатларини кўрсатиб, қойилмақом футбол намойиш этди. Бундан фақат футбол ютади холос. Шунинг учун ҳам уни ҳамма яхши кўради.

- Гўёки, Россия футболининг Осиё Конфедерациясига ўтиши ҳақида гап-сўзлар юрибди. Бундай масалага қандай қарайсиз?

- Буларнинг бари миш-мишлар холос. Изоҳлайдиган бирор нарса йўқ. Ҳаммаси миш-миш. Бу борада масалани изоҳлаш ниятида эмасман.

бородюк5

- Яқинда Россия терма жамоаси Ўзбекистонга қарши ўйнади. Ўша учрашувдан сизда қандай таассуротлар қолди? Бу ўйиндан кўпроқ ким ютди?

- Аввало, иккала футбол федерациясининг ўзаро учрашув ўтказишга келишиб олгани бу жуда яхши ҳолат. Ўз навбатида ўртоқлик мақомидаги учрашув яхши ўтди. Уни томоша қилиш учун мухлислар ташриф буюришди. Яна шуни аниқ айта оламанки, бундан фақат футбол ютди. Мана шундай мақомдаги учрашувлар керак. Ташкилий томондан ҳам ҳаммаси яхши ўтиб, учрашувни кўплаб томошабинлар бевосита стадионда кузатишди. Бундан эса яна такрорлайман, фақат футбол ютади.

- “Торпедо” футбол клубини биринчи лигадан премьер-лигага олиб чиқдингиз. Аммо жамоанинг натижалари кутилган нарсани бермади. Шу боис мавсум стартидаги омадсизликлардан кейин “Торпедо”дан кетишга мажбур бўлдингиз.

- Келинг, бу мавзуда гаплашмай қўя қолайлик. Истамайман.

бородюк2

- Яхши. Унда айтинг-чи, ҳамюртимиз Ҳожимат Эркиновнинг потенциалини қандай баҳолайсиз? У Россия футболида ўз сўзини айта олиши мумкинми?

- Биринчидан, у жуда ҳам иқтидорли йигит. Иккинчидан, ўта тарбияли, инсоний жиҳатдан олиб қараганда ҳам. Отан-онаси Ҳожиматга жуда яхши тарбия берганлари шундоқ сезилиб туради. Мен унга рус футболида ўзининг бор потенциалини намойиш этишини тилаб қоламан. Ваҳоланки, унда жуда яхши имконият бор. Эркинов ўта тезкор, техник жиҳатдан ҳам яхши футболчидир. Энг асосийси, у қобилиятли. Меҳнат билан иқтидор биргаликда жамланса ўйинчидан кўп нарса кутса бўлади. Эркиновда маҳорат ҳам, меҳнатсеварлик ҳам бор. Унга фақат энг яхши тилакларни билдириб қоламан.

- Агар сир бўлмаса, сизда таклифлар борми? Мабодо, мана шундай таклиф Ўзбекистондан келиб тушса, қабул қиласизми?

- Агар таклиф бўлса, уни муҳокама қиламиз. Яна такрорлайман, таклиф келса, шу масалада гаплашаверамиз.

бородюк7

- Демак, сиз бунга тайёрсиз?!

- Албатта, бунга тайёрман. Мураббий доим ишламоғи керак.

- Ўзбекистонда сиз учун энг севимли ўйинчингиз ким?

- Мен энг севимли демаган бўлардим. Аммо Миржалол Қосимовни ҳурмат қиламан. Биз биргаликда Самаранинг “Крилья Советов” клубида ўйнаганмиз. У футболчи сифатида ажойиб ижрочи ва ўта яхши инсондир. Мен Миржалолга фақат энг яхши тилакларимни ва доим саломат бўлишини истаб қоламан.

бородюк8

- Қосимовнинг бугунги кунда АГМК клубини бошқараётганидан хабарингиз борми?

- Ҳа, буни биламан ва унга клуб билан биргаликда яхши натижалар қайд этишида, Ўзбекистон чемпионатини ютишини истаган бўлардим.

- Охирги савол: Ўзбекистонда яқин дўстларингиз борми ва бизнинг чемпионатни кузатиб борасизми?

- Чемпионатингиз жуда қизиқарли. Шу сабабдан ҳам гоҳида терма жамоангиз қандай ўйнаётганлигини томоша қилиб тураман. Илгари футболчилик давримда “Пахтакор”га қарши кўп бор майдонга тушганман. Ўша жамоада таниш-билишлар орттириб, кўпчилиги билан дўстлашиб қолганман. Жамоангизда жуда яхши, ажойиб футболчилар тўп сурганлар. Эндиликда ўша собиқ футболчиларга фақат яхши тилакларни билдириб қоламан!

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Абдухаликов Мухаммад
21/12/2022 19:42
Хожимат эркиновга омад тилайман умрига рискига оллох барака берсин
&
Socceruzb
21/12/2022 22:57
Шуҳратбек Жўраев илтимос, сал ақлни ишлатинг, Россиялик мутахассислар ҳеч қачон Ўзбекистон чемпионатини кузатмайди. Уларни бунга вақтиям истагиям йўқ.