Отабек Ғуломхўжаев: Мен ҳужумкор футболни яхши кўраман ва индивидуал маҳоратга эга футболчиларни қадрлайман

Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида ёшлар жамоамиз устози Отабек Ғуломхўжаев ўз фикрларини билдириб ўтди.

"Биринчи навбатда, ўйин давомида стадионни тўлдириб ўтирган наманганлик мухлисларга алоҳида миннатдорчилик билдирмоқчиман. Бунақа муҳитда ҳар қандай жамоа мазза қилиб футбол ўйнайди. Бугун натижадан кўнглим тўлди, лекин ўйинимизни кучайтириш борасида ҳали қиладиган ишларимиз борлиги аниқ. Рақиб бизга ўйнашга имкон берди, биз кўпроқ гол уришимиз керак эди. Кўп вазиятлардан унумли фойдалан олмадик.

Мен ўзим ҳужумкор футболни яхши кўраман ва индивидуал маҳоратга эга футболчиларни қадрлайман. Жамоавий ўйиндан ташқари, учинчи зона - рақиб жарима майдончаси атрофида эркин ҳаракат қиладиган, креатив қарорлар қабул қиладиган футболчиларни таркибга жалб қилишга ҳаракат қиламан. Баъзи ўйинларда рақиб жамоавий ўйин кўрсатиш имкониятини бермайди, барча чизиқларни ёпиб қўяди. Шунда катта саҳнага индивидуал маҳоратга эга футболчилар чиқади. Бунга жаҳон футболида ҳам мисоллар кўп.

Менинг мақсадим ҳозирда таркибда бўлган футболчилар ўсишда давом этиб, кейинчалик Олимпия ва Миллий терма жамоаларида тўп суришларини кўриш. Бугунги ўйинда ўзини кўрсатган Руслан Розиев, Ҳожимат Эркинов каби футболчиларнинг салоҳияти юқори. Улар шу тариқа ўйнашда давом этса, келажакда кучли футболчи бўлиб етишади. Умуман олганда, таркибдаги барча футболчиларда салоҳият катта, деб ҳисоблайман", - деб Отабек Ғуломхўжаевнинг сўзларини келтириб ўтди ЎФА расмий сайти.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!