Отабек Ғуломхўжаев: "Насаф" билан ўйин тарихда қолди, энди "Нефтчи"га қарши тайёрланамиз
“Андижон” жамоасининг “Насаф”га қарши учрашувидан сўнг, майдон эгалари устози Отабек Ғуломхўжаев ўз таассуротларини қуйидагича изоҳлади:
- Кескин курашларга бой ўйин бўлди. Йигитлар максимал даражада ҳаракат қилди. “Насаф”дек жамоага қарши 120 дақиқа ҳимояланиш қийин. Барибир учрашув охирида мувозанатни йўқотдик. Кўриниб турибдики, яна стандарт вазиятлар устида ишлашимиз керак. “Насаф” яққол голга тортадиган имкониятларни яратгани йўқ.
Плей-оффда “Нефтчи”га қарши ўйин қанчалик муҳим эканини футболчиларимиз билиб турибди. Бу ушбу мавсумдаги охирги ўйинимиз бўлади. Шу боис максимал даражада тайёргарлик кўрамиз. Фақат ўйиннинг санаси билан қайси майдонда ўтиши номаълум. Бугунги ўйин тарихда қолди ва сўнгги беллашувга тайёрланамиз.
Жамоани қабул қилиб олганимизда нафақат ҳужумларни якуни, балки кўп нарса йўқ эди. Ҳимоядан биринчи бўлиб ўйинни тўғрилашга ҳаракат қиляпмиз. Жамоамизда ўзи 14 футболчи бор холос. Кўрдинглар, бугун Азизов билан Тоировни асосий таркибда туширдик. Айрим футболчиларимиз жароҳат билан майдонга тушишяпти. Агар захирамиз ҳамда вақтимиз етарли бўлганида бундай пала-партишликлар бўлмасди. Қисқа муддат ичида максимал даражада нимагадир эришишга ҳаракат қиляпмиз.
“Нефтчи”га қарши охирги ўйинни ўтказганимиздан кейин раҳбарият билан қолган масалалар кўриб чиқилади, - деди Ғуломхўжаев.
Фикрлар