Отабек Шукуровнинг кечаги учрашувдаги жароҳати қанчалик жиддий? Футболчининг ўзи жавоб бериб ўтди
Хабарингиз бор, кеча Фабио Каннаваро бошчилигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоамиз ўртоқлик учрашувида Уругвай билан куч синашиб, 2:1 ҳисобида мағлубиятга учради. Ушбу беллашувнинг 61-дақиқасида Отабек Шукуров кичик жароҳат олиб, майдонни тарк этди.
Тўқнашувдан сўнг футболчи Sports.uz сайтига берган кичик интервьюсида жароҳатининг қанчалик жиддийлиги ва Каннаваро билан биргаликда терма жамоа ичидаги муҳит ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
"Янги бош мураббий билан жамоадаги муҳит жуда яхши ҳолатда. Шунингдек, ҳозирги кунда жароҳатлар жуда кўп.
Бундан ташқари, Каннаваро бошчилигидаги мураббийлар штабининг кўрсатмаларини аста-секин ўрганяпмиз. Ин Шаа Аллоҳ тез орада кўникиб оламиз.
Ёзда оёғимни операция қилдирган эдим. У шу кунгача ҳам тўлиқлигича тузалиб кетмади. Буни эса ҳеч кимга айтмаган эдим. Унинг оғриғи сабаб бироз қийналяпман. Худо Хоҳласа тез кунда аста соғайиб олсам, албатта формага кириб оламан", - дея жавоб бериб ўтди терма жамоамизнинг етакчи футболчиларидан бири.



Фикрлар