Отабек Валижонов: "Навбаҳор"да ажойиб йилларни ўтказганман"

Тажрибали ярим ҳимоячи Отабек Валижонов айни вақтда фаолиятини Бангладеш чемпионатида давом эттирмоқда. У БЖМС клубида тўп сурмоқда. Куни кеча биз футболчи билан боғландик ва бир қатор саволларимизга жавоб олдик.

- Дастлаб Бангладешга қай тариқа йўл олганингиз хусусида айтиб ўтсангиз?

- Бангладешга футбол агенти орқали йўл олдим. Яъни, агентим менга Бангладеш олий дивизионида тўп сураётган жамоадан таклиф тушаётганини айтиб ўтди. Шундан кейин бу таклифни ўйлаб, оила аъзоларим билан маслаҳатлашган ҳолда Бангладешга етиб бордим ва БЖМС клуби билан шартнома имзоладим.

- Клуб билан шартномангиз қачон якунланади?

- Келишувимиз май ойига қадар амалда бўлади. Бироқ чемпионатнинг бироз кеч старт олганлиги туфайли, шартнома бироз узайтирилиши ҳам мумкин.

- Жамоада сиздан бошқа легионерлар ҳам борми? Клуб сизлар учун алоҳида квартира бердими?

- Клубимизда тўрт нафар легионер тўп суради. Хабарингиз бор, Фурқат Ҳасанбоев ҳам БЖМСда тўп сурмоқда. Икки нафар ўзбекистонликдан ташқари, Нигерия ва Камерундан футболчилар ҳам бор. Бизга алоҳида квартира беришган.

- Умуман олганда, БЖМС ҳақида нималарни айта оласиз? Ҳар ҳолда бу клуб ўзбекистонлик мухлислар учун нотаниш

- Яхши шароитларга эга клуб, молиявий томондан ҳам барқарор ҳисобланади. Жамоамизга катта завод ҳомийлик қилади. Улар вақтида маошларимиз бермоқда. Шунингдек, барча шароитларни яратиб беришаётганини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Бангладешда ҳамма клубларда молиявий томонлама муаммо йўқ. Айрим клублар жуда кўп маош тўлашади.

- Тил масаласида қийналмаяпсизларми?

- Бироз қийинчилик бор. Лекин биз имкон қадар тил топишишга ҳаракат қилмоқдамиз. Қолаверса, футболнинг тили бир. Мураббийларнинг кўрсатмаларини тушуниш жараёнида қийинчиликга дуч келганимиз йўқ.

- Об-ҳаво қандай?

- Албатта, бу ернинг иқлими жуда иссиқ ва дим. Бу эса албатта ўзига яраша қийинчилик келтириб чиқаради. Бироқ бу ерга келганимизга кўп вақт бўлди. Анча мослашиб кета олдик.

- Таом масаласи қандай?

- Ошпазларимиз мен ва Фурқат Ҳасанбоевга алоҳида таом тайёрлаб беришади. Бу борада ҳам муаммо йўқ, ҳаммаси жойида.

- Бангладешда футболга қизиқиш юқорими?

- Ҳа, маҳаллий аҳоли миллионлар ўйинини яхши кўришади. Беллашувни томоша қилиш учун стадионларга ташриф буюришади. Йилдан-йилга Бангладеш футболида ижобий томонга ўзгаришлар кузатилмоқда. Клублар европалик футболчи ва мутахассисларни олиб келишяпти. 

- Фаолиятингизнинг ёрқин дамларини "Навбаҳор"да ўтказганмиз. Қачондир, сизга яна бу клубдан таклиф тушса, буни қабул қилармидингиз?

- Албатта. Чунки "Навбаҳор"да ажойиб йилларни ўтказганман. Бу клубдаги ўтказган йилларимни соғинаман. Наманганда бизни севишарди. Яхши ёки ёмон пайтларимизда ҳам мухлисларимиз бизни ёлғизлатиб қўймасди. Аксинча, далда бериб, жамоани қўллаб-қувватларди. Қачонки, "Навбаҳор"дан таклиф тушадиган бўлса, буни албатта қабул қиламан. Севимли жамоам учун ёрдам бериш истагидаман.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!