Охирги ўйинлардан кейин мундиал тўпурарлар пойгасида вазият қандай?
2026 йилги жаҳон чемпионатида навбатдаги ўйин куни якунланди. Бугун 1/8 финал босқичидан яна икки беллашув ўтказилди. Бироқ бу баҳслар тўпурарлар пойгасига таъсир ўтказмади.
Ҳозирча тўпурарлар пойгасида уч нафар футболчи пешқадамлик қилмоқда: Аргентина ҳужумчиси Лионель Месси, Франция форварди Килиан Мбаппе ва Норвегия терма жамоаси юлдузи Эрлинг Холанд. Уларнинг ҳар бири ҳисобида жорий мундиалда еттитадан гол мавжуд. Шу билан бирга, Мбаппе майдонга Холанд ва Мессидан бир ўйин кўпроқ тушган.
Англия терма жамоаси ҳужумчиси Харри Кейн рақиблар дарвозасини олти марта ишғол этган. Тўрттадан гол урган футболчилар рўйхатида бразилиялик Винисиус Жуниор, Сенегал ҳужумчиси Исмаила Сарр, Испания терма жамоаси аъзоси Микель Оярсабаль, Мексика форварди Хулиан Киньонес, Англия ярим ҳимоячиси Жуд Беллингем ва Франция вингери Усмон Дембеле бор. Португалия етакчиси Криштиану Роналду эса мундиални учта гол билан якунлади.
2026 йилги жаҳон чемпионати АҚШ, Мексика ва Канада ҳудудида ўтмоқда. Мусобақа 11 июнда старт олган бўлиб, 19 июлда якунланади. Амалдаги жаҳон чемпиони — Аргентина терма жамоаси.

Фикрлар