Ўйин курашларга бой бўлди, лекин ақлни ишлатмадик
Coca Cola Суперлигасининг 19-туридан ўрин олган "Машъал" – АГМК учрашувидан кейин меҳмонлар бош мураббийи Миржалол Қосимов матбуот анжуманида иштирок этди.
- Учрашувга тайёргарлик кўргандик. Лекин пандемия, ФИФА кунлари сабабли юзага келган танаффуслар футболчиларни ритмдан чиқариб юбораётгани кўриниб турганди. Бугунги баҳсни жуда ҳам қийин бошладик. Ўйинимиз кўнгилдагидек чиқмади. Бироқ курашларга бой, жанговор ўйин бўлди, албатта. Биринчи таймда “Машъал”нинг хатоси туфайли ҳисобда олдинга чиқиб олдик. Ритмга тушиш учун кейинги турларда қўшиб борамиз. Ҳар доим катта танаффуслар ўз таъсирини кўрсатади. Лекин "Машъал" жамоаси ҳам яхши ҳаракат қилди, йигитлар ўйинга чанқоқ эди. Бироқ якунда тажриба ўз сўзини айтди. Кейинги ўйинларда "Машъал"га омад тилайман.
"Насаф"нинг ОФК лицензиясидан ўта олмагани кейинги турда АГМК билан баҳсда устунлик берадими? Йўқ, унақа деб ўйламайман, бу ҳолат ҳеч кимнинг хаёлида ҳам йўқ. Ҳар бир учрашувга доимгидек тайёргарлик кўрамиз. Айтилаётган гап кейинги йил учун. Биз эртани ўйлашимиз керак. "Насаф"га қарши беллашув жуда қизиқарли кечади. Негаки, бу рақиб ёш, ўйинга чанқоқ йигитлардан иборат. Бердиев ажойиб жамоа шакллантирган. Медаллар учун ўйин бўлади, биз учун "олти очко"лик учрашувдир.
Бугун биринчи ва иккинчи тайм курашларга бой ўтди, аммо ақлни ишлатмадик. Бунга битта сабаб – ритмдан чиқиш... Курашда ютқазганимиз йўқ, бироқ футболда фақат кураш эмас, ақлни ҳам ишлатиш лозим, - деди Миржалол Қосимов.
Фикрлар