Ўйин қаҳрамонига айланган Станислав Андреев "Металлург"нинг медаллар учун курашишига шаъма қилди...

“Металлург” жамоасининг етакчи футболчиларидан Станислав Андреев 5-турда “Андижон”га қарши баҳсда ўйин қаҳрамонига айланди. Ахир унинг рақиб дарвозасига киритган иккита голи якунда “Металлург”нинг ғалабасини таъминлаганидан кейин у қаҳрамон бўлмасдан, яна ким бўлсин?!

Андреев жамоаси учун жуда фойдали футболчи, аммо қанот ярим ҳимоячиси доим ҳам бир учрашувда иккита гол уравермайди. Шуни ҳисобга олган ҳолда Станислав Sports.uz мухбири билан мулоқотда аввало Андижондаги беллашув ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

-  Учрашув қийин кечишини мураббийимиз бир неча марта таъкидлаганди. Боиси “Андижон”да ҳали ғалаба йўқ, қолаверса янги мураббий иш бошлаганлиги мезбонларга яхши мотивация берарди. Биз эса ўйиннинг дастлабки дақиқаларидаги босимга бардош беришимиз лозим эди ва буни уддаладик. Кейин эса ташаббусни ўз томонимизга оғдириб олдик. Натижани ўзингиз кўрдингиз, иккита тўп фарқи билан ғалаба қозондик. Иккинчи бўлимда голлар бўлмади, биз эса қайд этилаётган натижани сақлаб қолишни уддаладик.

Шу ўринда “Металлург” футболчиси “Андижон” ҳақида ҳам шахсий фикрларини билдирар экан, жамоа ҳали ўз сўзини айтишига ишонишини ҳам таъкидлади.

-  Қайси жамоага қарши ўйнамайлик, табиийки рақибни ўрганамиз. “Андижон”нинг ҳам бу йилги мавсумдаги учрашувларини синчковлик билан кузатдик. Мураббийларимиз шунга яраша тактика танлашди. Хато қилмаганимиз якуний натижада аксини топди.

-  “Андижон” ўзига хос жамоа. Тиришқоқ, охиригача курашадиган, маҳоратли футболчилари бор. Фақат улар ўзларига ишонишлари лозим. Ўшанда барчаси яхши бўлади. Уларнинг ўйини эса турдан-турга яхшиланиб боришига ишонаман.

Пандемиядан кейин яна чемпионатимиз давом эттирилмоқда. Албатта, ўтган уч ойсиз футболдан сўнг барча жамоалар-у, футболчилар ўйин ритмидан четга чиқиб қолишганлиги табиий эди. Бироқ гўёки уч ойлик танаффус “Металлург” клубига таъсир кўрсатмагандек. Чунки улар аввалига “Локомотив” майдонида, сўнгра Андижонда муҳим ғалабаларни қўлга киритишди.

-  Коронавирус пандемияси футболга, унинг ритмига таъсир этмасдан қолмади. Нафақат бизда, жаҳон футболини ҳам кузатаётган бўлсангиз, бу ҳолатнинг шоҳиди бўласиз. Аммо чемпионатни тугатиб қўйишимиз шарт. ЎзПФЛ бу борада керакли чора-тадбирларни ишлаб чиққан. Тақвим бор, барча эҳтиёт чоралари кўрилган ҳолда учрашувлар ташкиллаштириляпти. Насиб бўлса, пандемия мавсумни муваффақиятли якунлаб олишимизга халақит бермайди, - дея бу борада муносабат билдирди, Андреев.

Биласиз, “Металлург” клуби кетма-кет икки мавсумдан бери чемпионатни фахрли 5-ўринда тугатиб келмоқда. Бу албатта, бекободликлар учун яхши натижа ҳисобланади. Бу йилги мақсад қандай? Клуб бундан-да, юқорига сакрай оладими? Бу ҳақида Андреевнинг жавоби қуйидагича бўлди:

-  Жамоамизнинг бош мақсади мухлисларимизни хурсанд этиш, металлурглар шаҳри ва тумани аҳолиси, қолаверса Тошкент вилояти халқи кайфиятини кўтаришдан иборат. Бевосита бу йилги вазифалар ҳақида айтадиган бўлсам, кетма-кет икки мавсум чемпионатни бешинчи ўринда якунладик. Бу йил ҳам кўрсаткичимизни пасайтириш ниятимиз йўқ. Омадимиз чопса, натижаларни яхшилашимиз мумкин. Эҳтимол, медаллар учун курашиш имконияти ҳам бўлар.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!