"Ўз уйида" бегона ёхуд бугун Суперлигада битта ўйин бор
Ҳа, чиндан ҳам шундай. “Ўз уйида” бегона бўлган “Қизилқум” жамоаси бугун Суперлиганинг 6-турида Фарғонанинг “Нефтчи”сини қабул қилади. Учрашув Қаршидаги “Марказий” стадионда ўтказилади. Билсангиз керак, Навоийнинг “Қизилқум”и ўз стадиони майдон чими янгиланаётгани учун вақтинча ўз уйида ўтадиган учрашувларни “Насаф” майдонида ўтказиб турибди. Шунинг учун ҳам маъжозий маънода “Қизилқум” “ўз уйида” бегона. Демак, иккала жамоа ҳам сафарда ўйнайди.
“Нефтчи” 4 та ўйинда 3 ғалаба ва 1 мағлубият қайд этиб, 9 очко жамғариб 4-ўринда. Уларда битта захира учрашуви ҳам бор. “Қизилқум” эса 5 та беллашувда 2 ғалаба 1 дуранг ва яна 2 мағлубиятга учраб, 7 очко билан 8-поғонада. Ёдингизда бўлса, Жамшид Саидов жамоаси чемпионатни кетма-кет иккита ғалаба билан бошлаганди. Лекин охирги учта турдан бери “Қизилқум” ютолмаяпти. 1 дуранг ва 2 мағлубияти бор.
“Нефтчи” чемпионатдаги кетма-кет учта ғалабадан кейин 4-турда Тошкентда “Олимпик”га имкониятни бой берганидан бери бир ойдан ортиқ вақт ўтди ва мана энди навбатдаги турда майдонга тушади. Орада эса фарғоналикларнинг 5-тур доирасида “Пахтакор”га қарши ўйини қолдирилган.
“Қизилқум” ва “Нефтчи” жамоалари чемпионат доирасида шу кунгача 44 маротаба тўқнашишган, навбатдагиси 45-ўйинга айланади. Ўзаро беллашувларда “Қизилқум”да 12, “Нефтчи”да 23 та ғалаба бор. 9 та баҳсда кучлар тенг келган. Тўплар нисбати 41х67 фарғоналиклар фойдасига.
Жамоаларнинг илк тўқнашуви 2000 йилга тўғри келади. Ўшанда “Қизилқум” мезбонлигидаги ўйинда 1:2 ҳисобида “Нефтчи” ютиб кетган. Ўтган йили Навоийда 1:1, Фарғонада эса майдон эгалари 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам Қаршида ҳужумкор футбол кўрамиз. “Қизилқум” учта ўйиндаги ғалабасиз сериясига барҳам бериш учун ҳам эҳтиёткор, ҳам ақлли ўйин кўрсатишига тўғри келади. “Нефтчи”да балки бироз устунлик бўлиши мумкин. Бироқ буни натижада ҳам кўрсатиши лозим.
Фикрлар