Ўзбек футболчиси Англия Премьер-лигасига бормоқчи...
Россия кубогининг чорак финалида ЦСКА ва “Рубин” жамоалари тўқнашуви ўзбекистонлик футбол ишқибозларининг ҳам эътиборидан четда қолгани йўқ.
Қозонликлар мезбонлик қилган дастлабки учрашувда ҳисоб очилмаган бўлса, пойтахтдаги жавоб ўйинида “армиячилар” рақиб дарвозасини уч маротаба ишғол қилди. Биз учун қизиқ томони бу жамоалардаги легионерларимиз – Умарали Раҳмоналиев ва Аббосбек Файзуллаев ҳар икки баҳсни бошланғич таркибда бошлади.
Аббосбек жавоб ўйинида гол уриб, жамоасининг ярим финал йўлланмасини қўлга киритишига муносиб ҳисса қўшди.
Истеъдодли ўйинчимиз Умарали Раҳмоналиев эса, беллашувдан кейин журналистларга берган интервьюсида қизиқарли маълумотлар билан ўртоқлашди.
Sports.uz портали “Рубин”даги легионеримизнинг фикрларини ўзбекистонлик футбол мухлислари эътиборига ҳавола қилади.
Бош мураббий Рашид Раҳимов ҳақида
Мавсум давомида айрим мухлислар бош мураббий Рашид Раҳимовнинг истеъфосини талаб қиляпти. Мен буни тушунмайман. Жамоа жуда яхши ўйнаяпти, ҳар бир учрашувда охиригача курашяпти.
Бош мураббийнинг кетишини истаётганлар фикрига қўшилмайман, шу боис барча ўйинчилар мураббий учун ҳам курашяпти.
Миралем Пьянич ҳақида
Миралем Пьянич ҳар доимгидек жуда ақлли ўйнади, беллашув давомида тўғри қарорлар қабул қилди. У тўпни олиши билан кейинги вазият бўйича бир қарорга келиб олади, мана шу хусусиятини алоҳида таъкидлашни истардим.
Миралем Пьянич боўқа ўйинчилардан ажралиб туради, чунки у ўз даврида жуда юқори даражада ўйнаган.
Москва клублари билан рақобат ҳақида
“Рубин”нинг пойтахт клублари билан бир хил даражадами ёки йўқ, буни муҳокама қилолмайман. Лекин Москва клублари билан рақобатлашишга ҳаракат қиляпмиз. Мен биз улар билан муносиб рақобатлаша оламиз, деб ўйлайман.
Фаолиятини Англияда давом эттирмоқчи экани ҳақида
Келажакда Англия Премьер-лигасида ўйнашни истайман. У ерда ҳужум ҳам, ҳимоя ҳам, қарор қабул қилиш ҳам жуда тез. Бу менга айнан ёқадиган хусусият. Бундан ташқари, мазкур лигада менинг севимли жамоам ўйнайди.
Россия Премьер-лигаси ҳам уларнинг чемпионати билан тенглаша олади, бунинг учун кўпроқ ҳужумкор ва креатив ўйин кўрсатиш лозим.
Бу ерда ҳам рақобат яхши, жамоа ичида ҳам рақобат ҳар доим бор. Бу бизга ўсишимиз ва маҳоратимизни ошириш имконини беради.
21 ёшли Умарали Раҳмоналиев “Бунёдкор” клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. Тошкент шаҳри жамоасида жами 38 та учрашувда иштирок этиб, саккизта гол ва битта ассист муаллифи бўлган.
Умарали 2023 йилнинг январида “Рубин”га кўчиб ўтди. Россияга кўчиб ўтганида дастлаб қозонликлар билан ярим мавсум биринчи лигада иштирок этиб, тўртта ўйинда майдонга тушди. Йил якунларига кўра, жамоа Россия Премьер-лигасига йўлланма олди. Шундан бери Умарали Раҳмоналиев жамоадаги яна бир легионеримиз Рустам Ашурматов билан Премьер-лига ва Россия кубоги мусобақаларида “Рубин” шарафини ҳимоя қилиб келмоқда.
Раҳмоналиев қозонликлар жамоасида жами 27 та ўйин ўтказиб, ўз ҳисобига иккита ассист ёздириб қўйган. Унинг амалдаги шартномаси 2026 йилнинг 30 июнигача давом этади.
Фикрлар