Ўзбек ҳужумчиси – легионерлар орасида тўпурар!
Қозоғистон футболини ёритиб бораётган kazfootball.kz сайти мамлакат футболида сўнгги 30 йил давомида тўпурарлик қилган 100 нафар футболчи рўйхатини тузиб чиқди.
Рўйхат икки хил бўлиб, биринчисида Қозоғистон чемпионати Премьер-лигасида энг кўп тўп киритган чарм қўлқоп усталари қайд этилди.
Иккинчи рўйхатга 1992-2022 йиллар давомида Қозоғистон кубогида рақиблар дарвозасини энг кўп ишғол қилган 100 нафар футболчи киритилди.
Айтиш жоизки, ҳар икки рўйхатда фаолиятини ҳамон давом эттираётган футболчиларга ҳам жой ажратилган.
Демак, 1992-2022 йиллар давомида Премьер-лигада энг кўп гол урган футболчи Нурбол Жумаскалиев ҳисобланади. Ярим ҳимоячи амплуасида ўйнаган моҳир ўйинчи миллий чемпионатларда рақиблар дарвозасини 167 маротаба ишғол қилган.
Қозоғистон чемпионати юқори дивизионида жами саккиз нафар футболчига юзлик довонни ошиб ўтиш насиб қилган. Улар орасида ягона хорижлик ўйинчи Улуғбек Бақоевдир.
Легионеримиз қўшни мамлакат Премьер-лигасида “Тобол”, “Жетису”, “Иртиш” жамоалари шарафини ҳимоя қилиб, жами 111 та гол муаллифи бўлган. Бу кўрсаткич билан Бақоев умумий рейтингда олтинчи поғонада қайд этилган.
Яна бир моҳир тўпураримиз Жаъфар Ирисметов Қозоғистон футболида “Қайрат”, “Олма-Ота”, “Актобе” клубларида тўп тепган. Тажрибали форвард чемпионат ўйинларида рақиблар дарвозасини 61 маротаба ишғол қилгани қайд этилган.
Бақоев бу мамлакатда тўрт маротаба, Ирисметов икки бор миллий чемпионатнинг энг зўр тўпурари бўлган.
Чемпионат тўпурарлари рейтингидан ўрин олган легионерлар орасида Улуғбек Бақоев ва Жаъфар Ирисметовдан ташқари Кот-д’Ивуар, Бразилия, Хорватия, Россия, Гана, Туркманистон, Болгария, Молдова, Украина, Сенегал ва Арманистон вакиллари ҳам бор.
Сайт маълумотларига кўра, Қозоғистон кубоги тўпурарлари рўйхатини Андрей Финонченко бошқариб турибди. “Шахтёр” футболчиси кубок ўйинларида ўз ҳисобига жами 23 та гол ёздириб қўйган.
Бу рейтингда ўзбекистонлик футболчилардан уч нафарини кўриш мумкин. Жаъфар Ирисметов ўзи ўйнаган учта жамоа сафида кубок баҳсларида 14 та гол муаллифи бўлган ва бу кўрсаткич бўйича икки футболчи билан 11-поғонани бўлишиб турибди.
Улуғбек Бақоев “Тобол” учун учта, “Иртиш” сафида еттита жами, ўнта гол билан бир неча ўйинчи билан баробар 25-поғонадан жой олган.
Футболчилик фаолиятини давом эттираётган Игорь Сергеев 2021 йилнинг ёзида “Тобол” сафига қўшилганидан кейин кустанайликлар учун Қозоғистон кубогида олти маротаба рақиблар дарвозабонини ожиз қолдирди. 29 ёшли ҳужумчимизда ҳали бу кўрсакичини яхшилаш учун имконият етарли.
Шунингдек, Игорь Сергеев Қозоғистон Премьер-лигасида “Актобе” ва “Тобол” жамоалари учун 23 та гол урган.
Росадо Бектемирнинг зўрлигини тан олди ва бошқа рингга қайтмайдиган бўлди
Бектемир Мелиқўзиев реванш ҳақида ўткир фикр билдирди!
Ўзбекистонлик ҳужумчи кўп гол уряпти
Легионеримиз икки голи билан энг зўрлар қаторига қўшилди!
Фикрлар