Ўзбек клубларининг эътиборидан четда қолаётган легионеримизга эронликлар қизиқмоқда

Истеъдодли футболчимиз Сирож Ҳамроев мавсум бошида Тожикистоннинг “Хўжанд” клубига кўчиб ўтганди ва ҳозиргача унинг ушбу жамоадаги фаолияти кўнгилдагидек кечмоқда. Боиси у “Хўжанд”нинг асосий таркибидан муқим жой эгаллади.

Ҳамроев Sports.uz сайти учун мулоқот жараёнида бир қатор эътиборли фикрларни билдирди. Аввалига у якунига етган биринчи давра ҳақида ва “Хўжанд”даги фаолияти хусусида тўхталди.

- Худога шукр, биринчи даврани кўнгилдагидек ўтказдик, десак бўлади. Биринчи даврадан сўнг, жамоамиз иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Олдимизга қўйилган мақсадлардан бири ОФК Кубоги гуруҳ босқичига чиқиш эди. Аллоҳ юзимизни ёруғ қилди ва биз гуруҳ босқичига чиқа олдик. Олдинги бош мураббийимиз Никола Лазаревич айрим сабабларга кўра уйига – Сербияга кетиб қолди. Унинг ўрнига эса жамоамизга янги мураббий – Ҳаким Фузайлов келди. Биласиз, у “Локомотив”, “Бухоро”, “Динамо” ва “Андижон”ни бошқарган. Яхши мутахассис экан. Унинг қўли остида машғулотларда иштирок этиб келяпмиз.

Кўз тегмасин, охирги пайтларда ушбу легионеримиз ҳақида фақат ижобий гапларни эшитяпмиз. Шунинг учун бўлса керак, унга янада яхшироқ таклифлар вужудга келаётгани борасида ҳам маълумотлар йўқ эмас. Масалан, Ҳамроевга Эрон клубларидан таклифлар борлиги ҳақида ҳам эшитгандик. Бу масалага Сирожнинг ўзидан ойдинлик киритишини сўраганимизда барчасини тасдиқлади.

- Таклифларга келсак, ҳар бир футболчига бошқа клублардан чақирувлар бўлиб туради. Бошқа жамоаларнинг қизиқишини уйғотиши учун футболчидан кўп меҳнат талаб қилади. Натижада ўз савиянгиз ва тажрибангизни ошириш учун кўпроқ ҳаракат қиласиз. Тан оламан, менга айрим футбол агентлари алоқага чиқишди. Улар билан гаплашганимда covid-19 коронавирус пандемияси туфайли бу ерга кела олмаяпмиз, дейишди. Менга маълум қилишича, Эрон клублари ўйинларимни кузатиб бораётган экан. Шунинг учун мендан Эронда тўп суришга бўлган қизиқишим ҳақида сўради. Менимча, бу қизиқарли вариант ва қайси ўйинчи йўқ, дерди? Мисол учун ҳар бир футболчи фаолиятида янада ўсишга эришишни ва яхши-яхши клубларда тўп суришни хоҳлайди. Худога шукрки, “Хўжанд”да ўйнаётганимдан бери айрим жамоалар таклиф билан чиқяпти. Шунингдек, менга боғланган агент асли эронлик, аммо ҳозирда Туркияда истиқомат қилар экан. Боя айтганимдек, у ҳозирги вазият туфайли Тожикистонга кела олмаяпти.

хамроев янги

Кўриб турганингиздек, Ҳамроев меҳнатига яраша жиддий қизиқишларга сабаб бўлмоқда. Лекин унинг кетишига “Хўжанд”дагилар қандай муносабатда? Бу ҳақида ҳамюртимиз шундай деди:

- “Хўжанд” жамоаси билан ҳам гаплашиб олдим. Улар менинг трансферим борасида қаршилиги йўқ. Агар яхши жамоадан таклиф бўлса, қўйиб юборамиз, дейишди. Аслида эса “Хўжанд”дагилар менинг қолишимни истамоқда. Шу сабабли мени олиб қолишга ҳаракат қилишяпти. Бу ёғини вақт кўрсатади.

Ҳамроев бунгача Ўзбекистонда, жумладан “Машъал”, “Шўртан”, “Андижон”, “Динамо” сингари жамоаларда тўп сурган ва доим ўзидан яхши таассуротлар қолдирган. “Хўжанд”даги ишончли ўйинларидан кейин ҳам уни яна ортга қайтариш учун ўзимизнинг клублардан таклифлар борми, деган савол билан футболчимизга мурожаат қилганимизда қуйидагича жавоб қайтарди:

- Тўғрисини айтсам, ҳозирча менга Ўзбекистон чемпионатидан ҳеч ким алоқага чиққани йўқ. Бирорта клубдан таклиф бўлмади. Лекин Эроннинг иккита жамоасидан менга аниқ таклиф борлиги маълум бўлди. Аммо ҳозирча уларнинг номлари сир бўлиб турсин. Агар насиб бўлса, иккинчи даврани ҳам “Хўжанд”да бошларман, бўлмаса бошқа клубда ўзимни синаб кўраман деган ниятдаман. Ҳозирча эса “Хўжанд”даги ишларим аъло даражада. Боя айтганимдек, улар ҳам мени клубда сақлаб қолишга ҳаракат қилишяпти.

хамроев2

Бундан ташқари, Сирож Ҳамроев ўзаро мулоқотимиз жараёнида Тожикистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Усмон Тошевга алоҳида миннатдорчилик билдириб ўтди. Боиси, футболчининг фаолиятида ўзгариш юз беришида ушбу мутахассисининг ҳам ёрдамлари тегмоқда. Бу ҳақида қуйида ўқишингиз мумкин:

- Сиз яхши биласиз, мен ҳозирда Тожикистон миллий терма жамоасини бошқараётган Усмон Тошев билан яхши муносабатдаман. Шунинг учун у билан маслаҳатлашдим. Агар сенга яхши жамоалардан таклифлар бўлаётган бўлса, ўйлаб кўр ва агар бирор нимага тушунмаётган бўлсанг, айт менга ёрдам бераман деди. Умуман олганда, Тошевнинг менга кўп ёрдами тегяпти. Шунинг учун айни пайтда янгилик бўлишини кутиб ўтирибман. Агар вазият изига тушиб, йўллар очилиб қолса, ўзгаришлар бўлиши мумкин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам Тошевга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Чунки менинг “Хўжанд” клубига ўтишимда ҳам Усмон Қудратовичнинг ҳиссаси катта бўлган.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!