Ўзбек легионерлари гол урган баҳсдан кейин "Башакшеҳир" мураббийи нималар деди?
Туркия Кубоги A гуруҳининг 3-тури доирасида "Истанбул Бaшакшеҳир" жамоаси сафарда "Фатих Карагюмрюк"ни 4:1 ҳисобида мағлуб этди. Учрашувдан сўнг "Бaшакшеҳир" бош мураббийи Нури Шаҳин матбуот анжуманида фикр билдирди.
"Ўйинни бошидан охиригача назорат қилдик ва жуда кўп голли вазиятлар яратдик. Рақибга деярли имконият бермадик. Тўплар нисбати учун яна кўпроқ гол уришимиз ҳам мумкин эди. Футболчиларимни табриклайман. Кубокда "Трабзонспор"га қарши финалга тенг баҳс ўтказамиз. Ўша ўйинда ҳам ғалаба қозониб, кейинги босқичга чиқишни истаймиз", — деди мутахассис.
Нури Шаҳин "Бу мавсум Туркия Кубогида финал ёки чемпионликни мақсад деб биласизми?" деган саволга қуйидагича жавоб берди:
"Албатта. Бу — бизнинг аниқ мақсадимиз. Ушбу тизимда гуруҳдан чиқиш осон эмас. Тақвим жиҳатидан ҳам катта устунлигимиз бўлмади. Чемпионатнинг илк учлигидан икки жамоа билан ўйнаяпмиз. Аммо бу баҳона эмас. Иншааллоҳ, "Трабзонспор"ни ҳам мағлуб этиб, кейинги босқичга чиқмоқчимиз. Кейинги босқичга чиқсак, энг кучли 8 жамоа сафига қўшиламиз. У ердаги асосий мақсадимиз — финалда ўйнаш ва кубокни қўлга киритиш".
Шунингдек, учрашувда гол уриб, ўйини билан эътибор қозонган хорватиялик чап қанот футболчиси Иван Брнич ҳақида ҳам тўхталиб ўтди:
"Иван Брнич биз учун жуда муҳим футболчи. Қачон майдонга тушса, фойда келтиради. Унинг номидан жуда хурсандман. Бир-биримизни янада яхшироқ тушуна бошладик. Аввалроқ тўпсиз ҳаракатларда муаммолари бор эди, ҳозир эса бир-биримизни жуда яхши англаяпмиз, деб ўйлайман", — деди Нури Шаҳин.
Маълумот учун, ушбу учрашувда ҳамюртларимиз Элдор Шомуродов ва Аббосбек Файзуллаев ҳам ўз ҳисобларига гол ёздириб қўйди.
Фикрлар