Ўзбек “пантера”сининг мамлакатимиз кикбоксинги ҳақидаги фикри қандай?
Ўзбек кикбоксинг оламининг машҳур вакилларидан бири “Пантера” номи билан машҳур бўлган Тимур Муҳамеджонов яна ушбу спортга қайтганлигига кўп бўлмади. Энди, у мазкур яккакураш тури бўйича Тошкент шаҳарининг мутасаддиси сифатида фаолият юритмоқда. Куни кеча, айнан ушбу собиқ спортчимиз ташаббуси билан пойтахт чемпионати бўлиб ўтди. Sports.uz мухбири Тимур Муҳамеджонов билан боғланиб, ушбу турнир борасидаги қисқача фикрлари билан қизиқди.
- Мусобақа жуда яхши ўтди. Мазкур турнир мобайнида эски ўзбек кикбоксинг олами вакилларини бир жойга йиғишга ҳаракат қилдим. Ғолиб ва совриндорларга айнан ушбу спорт турига кўп мехнати сингган инсонлар эсталик совғаларини топширишди. Қолаверса, улар билан биргаликда янада янги режалар тузишга, уларни амалга оширишга бел боғладик.
Мақсад битта “чўкиб кетган” ўзбек кикбоксингини яна аввалги даражасига қайтариш... Қолаверса, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш баробарида ёшларни спортга жалб қилишни асосий вазифа қилиб белгиладик. Мазкур турнир мақсад ва вазифаларимизнинг илк қадами бўлди десам янглишмаган бўламан. Ўйлайманки, тез орада биз яна шонли даражамизга қайта оламиз.
Фикрлар