
"Ўзбекча футбол" тандемидан бугунги ўйин ҳақида фикрлар
Бугун Ўзбекистон Миллий терма жамоаси "ЖЧ-2026" саралаши доирасида Қирғиз Республикаси билан куч синашади. Ушбу баҳс олдидан футбол жамоатчилиги, хусусан, журналист, блогер ва футболчиларнинг фикрлари билан танишиб чиқдик.
SPORTS.uz журналисти Яҳёхўжа Улуғхўжаев
Ўйинлар икки турга бўлинади, муҳим ва ўта муҳим. Менимча, қўшниларимиз билан мана шундай баҳс бизни кутяпти. Сабаби, бир неча кун ўтиб Теҳронда, "қайнаётган қозонда" Эрон билан баҳс олиб борамиз. Бугунги ўйинда нафақат енгил ютишимиз, балки жароҳат ва карточкалардан узоқда бўлишимиз ва кўп гол уришимиз керак. Бу кўпчилик ўйлаганидан анча мураккаброқ баҳс. Янги мураббийни аввалги услубдаги дебюти, аввалги футболчиларни янги мураббий стратегияси билан дебюти. Қисқаси, осон бўлмайди. Йигитларга яратгандан куч-қудрат тилаб қоламан.
SPORTS.uz журналисти Бекзод Исаев
Бугун Ўзбекистон Миллий терма жамоаси "ЖЧ-2026" саралаши доирасида Қирғиз Республикаси билан куч синашади. Ушбу баҳс олдидан футбол жамоатчилиги, хусусан, журналист, блогер ва футболчиларнинг фикрлари билан танишиб чиқдик.
Ўзбекистон - Қирғиз Республикаси учрашувида шак-шубҳасиз ҳамюртларимиз жуда катта устунлик билан фаворит. Рақибга пул томонлама ва бошқа нарсалар билан қанчалик мотивация беришмасин, умид учқунлари пайдо бўлмасин, бу беллашувда қўшниларимизга жуда қийин бўлади. Сабаби, миллий терма жамоамизнинг айни пайтдаги ҳолати аъло даражада. Шу билан бирга, термамизнинг кўплаб футболчилари зўр формада. Масалан, Элдор Шомуродов анча вақтдан буён "Рома"да супер ҳаракат қилиб, ҳаттоки, ой футболчиси совринини ҳам қўлга киритди. Бундан ташқари, "Манчестер Сити"нинг нигоҳи ва умиди бўлиб турган Абдуқодир Ҳусановнинг даражасига гап сўз бўлиши мумкинмас. Нафақат, икки легионеримиз балки, қолган футболчилар ҳам яхши формада ушбу учрашувга етиб келишмоқда. Шу боисдан ҳам мазкур баҳсда имкониятларимиз жуда юқори, деб ҳисоблайман. Қирғиз Республикасига қарши айрим етакчиларимиз Остон Урунов ва Хусниддин Алиқулов балки, Шерзод Насруллаев майдонга туша олмаслиги мумкин. Бироқ биз бўлажак учрашувда ушбу футболчиларимизнинг ўрнини сездирмасликка ҳаракат қилишимиз лозим. Гарчи рақиб қўшнимиз бўлишига қарамай, ҳурмат сақлаган ҳолда, айтаман: уларнинг йўқлигини билмаслигимиз зарур.
Қолаверса, жамоамиз билан Жаҳон чемпионатига чиқиш учун бел боғлаган эканмиз, ютишга мажбурмиз. Шу сабабли, айниқса, Тошкентдаги барча ўйинларда зафар қучишимиз шарт ва зарур.
Шу билан бирга, Тимур Кападзе бошчилигидаги илк беллашув расмий ўйин гувоҳи бўламиз. Албатта, ҳеч қандай хавотирсиз, йирик, ишончли муваффақиятга эришишимизни тилаб қоламан. Агарда Эронга қарши ўйиндан аввал битта тўп фарқи билан ҳавотирли зафар қучадиган бўлсак, бу Эрон учун асқатади. Сабаби, форслар ҳар бир учрашувдан аввал рақибнинг нимадан қўрқаётганини ўрганиб чиқиб, шу бўйича тайёргарлик кўради. Шу сабабдан ҳам бугун вакилларимиз Қирғиз Республикасининг дарвозасига қанча кўп гол урса, бу турнир жадвалидаги яхшиланишдан ташқари, йигитларимизнинг кайфияти ижобий таъсир ўтказарди. Шунингдек, 25 март куни бўлиб ўтадиган яна бир оловли баҳсдан аввал ажойиб натижа бўларди. Шунинг учун, Эронга қарши баҳсдан ҳам кўра, ушбу беллашувнинг аҳамияти улканроқ. Бош мураббийнинг алмашгани сабабли терма жамоани танқид қиладиган айрим мухлислар кутган натижа эмас, футболни ҳақиқий, ашаддий ихлосмандлари кутган ўйин ва натижани кутиб қоламиз.
Фикрлар