Ўзбекистон, Эрон, Россия иштирок этадиган CAFA мусобақаси қайси стадионларда ўтиши маълум қилинди
Хабарингиз бор, 9-21 июнь кунлари Бишкек ва Тошкент шаҳарларида футбол бўйича Марказий Осиё футбол ассоциацияси (CAFA) чемпионати ўтказилади. Ушбу мусобақа олдидан CAFA ижроия қўмитаси аъзоси, Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматов Россиянинг ТАСС ахборот агентлигига интервью берди. Унда Эрматов мусобақага Қирғиз Республикаси пойтахти Бишкекдаги стадиондан ташқари Ўзбекистоннинг 3 та аренасида ўйинлар ўтишини маълум қилди.
Равшан Эрматов ФИФA ва ОФК Ўзбекистонда ўтказилган 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатига тайёргарликни юқори даражада баҳолагани, Марказий Осиё футбол ассоциацияси (CAFA) чемпионатининг ўйинлари Тошкентдаги “Бунёдкор”, “Жар” ва “Пахтакор” стадионларида ўтказилишини таъкидлади.
– Кузатган бўлсангиз керак, Ўзбекистон 20 ёшли футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатини эндигина якунлади, турнир жуда муваффақиятли ўтди.
Барча майдонлар аъло даражада тайёрланган, ФИФА ва ОФК мусобақага тайёргарликни юқори баҳолади. Энди CAFA турнирига ҳам “Бунёдкор”, “Жар” ва “Пахтакор” стадионларини тайёрламоқчимиз. Ўйинлар асосан Осиё кубоги U-20 финали ўтказилган «Бунёдкор» стадионида бўлиб ўтади, - деди Равшан Эрматов.
CAFA чемпионатида Ўзбекистон, Тожикистон, Эрон, Қирғизистон, Туркманистон, Россия ва Aфғонистон терма жамоалари иштирок этади. Мусобақага Осиёнинг яна бир терма жамоасини таклиф этиш ҳам режалаштирилган.
Фикрлар