Ўзбекистон баскетбол федерациясига янги раҳбар сайланди

Бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида Ўзбекистон баскетбол федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Унда федерацияга янги раис сайлаш кун тартибидаги асосий масала бўлди.  

Тадбирда Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икрамов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Қўмита раисининг ўринбосари Шерзод Ташматов, Спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов, Федерация мутасаддилари ва унинг ҳудудий вакиллари, спорт фахрийлари иштирок этишди. 

Даставвал, бошқа ишга ўтгани сабабли Ўзбекистон баскетбол федерацияси раиси лавозимида ишлаб келган Русланбек Давлетов ўз хоҳишига кўра ёзган аризаси кўриб чиқилди ва делегатлар томонидан қаноатлантирилди. Шундан сўнг йиғилиш кун тартибидаги асосий масалага ўтилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири Махкамов Илҳом Рустамовичнинг номзоди Ўзбекистон баскетбол федерацияси раиси лавозимига таклиф этилди ва конференция иштирокчилари  томонидан бир овоздан маъқулланди. Шу тариқа Илҳом Махкамов Ўзбекистон баскетбол федерацияси раиси этиб сайланди.

Маълумот учун, Илҳом Махкамов 1979 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Узоқ йиллардан бери коммунал соҳада, хусусан, “Ўзкоммунхизмат” агентлигининг бош директори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари ахборот-таҳлил департаменти мудири ишлаган. 2021 йилдан Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири лавозимида фаолият юритяпти. 

Манба: МОҚ

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!